Тоғаймурод бахши: "Бохшичилик, уни тушунган журакларди ларзаға солади"

Самарқанд вилоят маданият бошқармасида ишлайдиган Сирожиддин деган дўстим, “Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғи марказидаги Эргаш Жуманбулбул ўғли музей-мажмуасига борганмисиз?”, деб сўраб қолди. Унга шу туманда туғилиб ўсганимни, қарийб бир йил аввал, музейнинг очилиш маросимида иштирок этганимни айтдим. У эса шу қишлоққа яна бир бор боришимни, кейинги бир йил ичида бўлган ўзгаришлар, янгиликлардан хабардор бўлиб, мақола тайёрлашимни таклиф қилди.

Ҳамкасбим, фотомухбир Бахтиёр Мустанов билан йўлга чиқдик. Ёмғир ёғаётган эди. Бу об-ҳаво суратга олишимизда халал бериши тайин эди...

Замонавий қурилмалар орқали ўтмишга саёҳат

Қўшработ тумани ҳудудига кириб боришимиз билан ёмғир тинди. Қиш бўлишига қарамай, Қўрғон қишлоғида баҳор нафаси кезарди. 2019 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида бунёд этилган ва 2020 йил баҳорнинг илк кунида фойдаланишга топширилган музейга ташқаридан қараганда ҳеч қандай ўзгариш сезмадик. Ичкарига киргач, ўтган 11 ой давомида ҳудудда хайрли ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Музейнинг кириш залида сенсорли мониторлар ўрнатилган бўлиб, ҳар бир сайёҳ улар ёрдамида Ўзбекистон халқ бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳаёти ва ижоди, устозлари ҳамда издошлари ҳақидаги видеороликларни томоша қилиш имконига эга бўларкан. Шунингдек, бу ерда бахши ва унинг номидаги музей-мажмуага оид бир нечта сурат-лавҳалар ўрнатилган. Ҳар бир лавҳага “QR-kod”лар жойлаштирилган бўлиб, меҳмонлар қўл телефонидан код орқали махсус дастур ёрдамида барча керакли маълумотларни олиши мумкин. 

Демак, маҳаллада интернет тизими яхшиланибди, “WiFi” ҳудуди ташкил этилибди. Замонавий қурилмалар орқали ўтмишга саёҳат қилиш имкони пайдо бўлибди.

Бу қишлоқ учун энг катта янгилик. Мажмуанинг очилиш маросимида интернет тармоғи тугул, оддий қўл телефонимиздаги алоқанинг сифатсизлигидан қийналгандик.

 

Оддий муаллимнинг саъй-ҳаракати бесамар кетмади

Музейнинг ташкил этилишига шу қишлоқдаги ўқитувчи Ойдин Синдоров сабабчи бўлган. Муаллим 20 йил давомида Қўшработ ва унга туташ туманлардаги мингдан зиёд хонадонларга кириб, бахшига тегишли ва у яшаган даврда одамлар фойдаланган кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмларини йиғиб чиққан. 

- 1978 йилда, яъни бахши таваллудининг 100 йиллиги арафасида Ойдин ака томонидан тўпланган ашёларни ўзида жамлаган уй-музейи ташкил этилганди, - дейди музей илмий ходими Аҳмад Синдоров. - Пахса девордан қурилган кўримсизгина музейнинг атрофида Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ҳайкали ва қабри ҳам бўлиб, 2019 йилгача уларга алоҳида эътибор қаратилмаганди. Кейинги йилларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Музей учун янги бино қурилди. Бахши ҳайкали ва мақбараси замонавий кўринишга келтирилиб, бу ерда кўркам мажмуа, муқаддас зиёратгоҳ барпо этилди. Музейда бобомиз фойдаланган дўмбира, сандал, ҳасса, ковуш, қамчи, от эгари ва бошқа тарихий ашёлар сақланмоқда. 

Эргаш бахши издошлари

Тумандаги 5-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби қошида бахшичилик синфи фаолият олиб боради. Икки йил аввал ташкил этилган тўгаракда, дастлаб икки нафар бола қатнашарди. Янги музей қурилгач, бу ерда тўгарак фаолиятини кенгайтиришга шароит яратилди. Натижада тўгарак аъзолари сони 3 нафарга кўпайди. 

Ҳаво илиқ кунлари машғулотлар табиат қўйнида, совуқ пайтда эса музей ичидаги мўъжазгина айвончада ўтказилади. 

- Икки йилдан бери бахшичилик сирларини ўрганиб келяпман, - дейди Суннатилла Тоғаймуродов. – Ўтган вақт давомида дўмбира чертишни, термалар куйлашни ўргандим. Достонлардан парчалар ёд олдим. Турли кўрик-танловларда қатнашиб, яхши натижаларни қўлга киритдим. Келгусида Эргаш бобомдек бахши бўлишни мақсад қилганман.

Сандал атрофида дўмбира чертдик

Тўгаракка Тоғаймурод бахши раҳбарлик қилади. Биз борган пайтда у 3 нафар шогирдига машғулот ўтаётган экан.

- Дўмбиранинг сеҳри бошқача, - дейди Тоғаймурод бахши қўлидаги соз торларини чертиб. – Бохшичилик, уни тушунган журакларди ларзаға солади. Бундан куй таралаберса достон ва термаларнинг сўзлари қуйилиб келаберади. Ойниқса, Эргаш бобом пойдаланған сандал олдида вўтирсам бирам илҳамланиб кетаман-ей!

 Қўлингиздаги дўмбира анча кўҳнага ўхшайди-я? – деб сўрадим ундан.

- Ҳа, буни қарийб 40 жил оввал нарпайлик устозим Зиёдилло бохши совға қиған, - дейди у. – Мухбир укам, менга кўп савол бераберманг, илтимос. Шу гапиришдинг ўрниға битта терма ойттирсанғиз ёхши бўларди!

Даврада енгилгина кулги кўтарилди. 

Бахшичилик ифодали шеър ўқиш эмас экан

Бахши дўмбира чертиб термалардан куйлай бошлади. 

- Аҳа, аҳа, аҳа-ҳей, еҳе, еҳе, еҳе-ҳей...

Маза қилиб термаларни тингладик. Уларнинг санъатига қизиқиб:

- Мен ҳам дўмбира чертиб, кўрсам бўладими? – дедим. 

Бахши рози бўлди ва ўргатмоқчи бўлиб, яқинроғига чорлади. Қўлимдан келганча дўмбира чертишни бошлаган эдим, унинг шогирди Суннатилложон елкамдан туртиб:

- Манов тўнни киймасангиз, бошингизга дўппини қўндирмасангиз, дўмбира сизга ярашмаяпти, - деди.

Дўппи ва тўнни кийиб, дўмбира чертиб, болалигимда ёд олган шеърлардан бирини куйга солишга ҳаракат қилдим. Йўқ, уддалай олмадим. Осонмас экан. Айниқса, бахшиёна куйлаш. Томоғим бўғилиб қолди... Аммо, завқландим. Эргаш бахшининг сандали атрофида дўмбира чертишнинг гашти бошқача экан.

Тўлқин Сиддиқов.