Тоҳир Воҳидов: Мен орзу қилган ютуқни фарзандим қўлга киритди
Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон жамоаси илк бор чемпион бўлди. Бу тарихий ғалабада терма жамоамиз сафида бўлган самарқандлик шахматчи Жаҳонгир Воҳидовнинг ҳиссаси катта. У ўйин сўнгида 60-юришга келиб, нидерландиялик Макс Вармердамни таслим этди ва Ўзбекистон чемпион бўлди.
Жаҳонгир индивидуал натижалар бўйича 4-доскада ўйнаган шахматчилар орасида ҳам тенгсиз деб топилди ва олтин медални қўлга киритди. Унинг бу ғалабаси ота-онаси, яқинлари ҳамда бутун Ўзбекистон учун унутилмас воқеа бўлди. Шахматчимиз эришган ғалабадан сўнг унинг яқинлари билан суҳбатлашдик.
- Шахматчилар оиласимиз. Турмуш ўртоғим ҳам, болаларим ҳам шахматчи, – дейди Жаҳонгирнинг отаси Тоҳир Воҳидов. – Мен ҳам Ўзбекистон ва Осиё чемпионатлари совриндори бўлганман. Аммо жаҳон чемпионатида бундай тарихий натижага эришиш насиб қилмаганди. Мана, кўп йилдан бери ният қилиб юрган ютуққа бутун Ўзбекистон эришди. Қувончимиз чексиз, буни тасвирлаб беролмайман. Шахматчи Рустам Қосимжоновга ҳавас қилиб, ўғлимга ўзим, турмуш ўртоғим ва амакиси устозлик қилди. Ўғлим билан фахрланаман, жаҳон чемпиони бўлиб, юзимизни ёруғ қилди. Мана шундай имкониятларни ёшларга яратиб бераётган Президентимизга раҳмат!
Шахматчининг амакиси ҳамда устози Абдуваҳоб Воҳидов таассуротлари билан ўртоқлашар экан, у эришган ютуқ, қўлга киритган медаль ўзбек халқининг ютуғи, медали, дея эътироф этди.
- Жаҳонгирга ҳар доим чемпион бўласан, маррани катта ол, дея уқтирардим, - дейди А.Воҳидов. – Ёшлигидан интилувчанлиги сабабли Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва халқаро мусобақалар совриндори бўлди. Унинг Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги ютуғи халқимиз учун фахрдир. Президентимиз мусобақадан сўнг олимпиадада чемпионликни қўлга киритган жамоамиз билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни ушбу буюк ғалаба билан табриклади. Рости, давлатимиз раҳбари Жаҳонгир билан суҳбатлашиб, унинг ютуғини алоҳида эътироф этганларида кўзимга ёш келди. Менимча, устозга шогирдининг мана шундай буюк ютуғини, эътирофини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Фазлиддин Рўзибоев.