Тожикистонлик журналистлар билан ҳамкорлик ўрнатилди

Вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Тожикистон Журналистлари иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши муносабати билан тадбир ўтказилди.
Тадбирда Тожикистон Журналистлари иттифоқи раиси Зинатулло Исмоилзода, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Фармон Тошев, вилоятда тожик тилида эфирга узатилаётган кўрсатув, радиоэшиттириш ҳамда "Овози Самарқанд" газетаси ходимлари иштирок этди.
- Кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров билан ҳамкорлик меморандуми имзоладик, - деди З.Исмоилзода. - Мақсадимиз икки давлат ўртасида ижтимоий-маданий соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари кучайтириш, бу борада оммавий ахборот воситалари фаолиятини кенгайтиришдан иборат.
Анжуман давомида Тожикистон Журналистлари иттифоқи томонидан самарқандлик бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.