Тўланмаган давлат божи бўйича фуқароларга тушунтириш берилган

Шу йил 20 апрель куни телеграм каналимиз ва сайтимизда “Мен тўлаган давлат божи қаерга кетди?” номли танқидий мақола эълон қилинди. Унда кўтарилган муаммо бўйича Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан жавоб келди.

“Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг 2022 йил 9 ноябрдаги қарздор Воҳидов Алишербек Зарифжон ўғли ва Маматқулова Саломат Жумабоевнадан ундирувчи “MUYINOVA MAZUNA ILXOMOVNA” якка тартибдаги тадбиркор фойдасига солидар тартибда 849 000 сўм асосий қарз, 424 000 сўм пеня ва 21 000 сўм почта харажати, жами 1 294 000 сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Тойлоқ тумани бўлими ижро иш юритувига 2022 йил 12 декабрда келиб тушган, - дейилади жавоб хатида. - Шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси томонларга юборилган.

Мазкур ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб бориш давомида давлат ижрочисининг 2022 йил 24 декабрдаги қарори билан қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқларига вақтинча чеклов ўрнатилган. Қарздор Воҳидов Алишербек Зарифжон ўғли 15 кунлик ихтиёрий муддат ичида қарздорликни тўламаган.

Кейинги ижро ҳаракатлари жараёнида А.Воҳидов ижро ҳужжатида кўрсатилган қарздорликни белгиланган муддатда тўламаганлиги сабабли давлат ижрочисининг 2022 йил 24 декабрдаги қарори билан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 198-1-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари, яъни 300 000 сўм микдорида жарима жазоси қўлланилган.

Шундан сўнг, 2023 йил 23 январда қарздор А.Воҳидов томонидан асосий қарздорлик ва жарима суммалари тўланган ва ижро иши юритиш тамомланган.

Бундан ташқари, А.Воҳидов ва С.Маматқуловадан солидар тартибда давлат фойдасига 300 000 сўм давлат божи ундируви мавжуд. 

Ушбу ижро ҳужжатлар юзасидан 2023 йил 24 апрелда А.Воҳидов ва онаси С.Маматқулова билан суҳбат ўтказилди. Суҳбат жараёнида уларга суд қароридан норози бўлган тақдирда уни бекор қилиш юзасидан судга шикоят қилишлари мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилди”.