Толиб аканинг лимонлари оиласига даромад келтиряпти

Толиб аканинг асл касби ҳайдовчи. У 35 йилдан буён юк машинаси ҳайдайди. Аммо бу унга иссиқхонадан қўшимча даромад олишига халақит бермайди.

- Иссиқхонамда лимонзор ташкил этганимда ҳали қишлоғимизда бу иш билан ҳеч ким қизиқмасди, - дейди Оқдарё тумани Кумушкент маҳалласида яшовчи Толиб Тиркашев. – Дастлаб ярим сотих ерга иссиқхона қуриб, 10 туп лимон экдим ва қатор ораларида помидор, бодринг етиштирдим. Ўша йили бир мавсумда 500 минг сўм фойда қилгандим - бу катта пул эди.

Орадан уч йил ўтгач, Толиб ака 2 сотих жойга иссиқхона қурди. Бу ерда 22 туп лимон дарахт кўчати билан бирга турли кўкатлар экди. Ҳозиргача ҳар ҳафта шивит, кўк пиёз, саримсоқпиёз олиб бозорга чиқармоқда. Бу ишда турмуш ўртоғи Сайёра опа ҳамда фарзандлари яқиндан ёрдам бермоқда.

- Ўтган йили иссиқхонамдан 1 тоннадан зиёд лимон ҳосили олдим, - дейди Т.Тиркашев. - Фойдаси 8 миллион сўм бўлди. Икки йилдан буён апельсин ва мандарин дарахтини парвариш қиляпман. Ривожланиши яхши, насиб бўлса, бу йил ҳосилга киради.

Толиб акани томорқасидан «тилла топаётган» деҳқон дейиш мумкин. Чунки ҳовлисидаги иссиқхонадан ташқари кафтдек ерда 30 дан зиёд ўрик, шафтоли, гилос, олма, ёнғоқ каби мевали дарахтларни парвариш қилади. Шу боғ туфайли ҳар йили рўзғорига камида 5-6 миллион сўм даромад келади. Эрта баҳорда дарахтлар остига пиёз, саримсоқпиёз, кўкат уруғлари экиб, май ойи ўрталаригача буларни йиғиштириб олади.

- Ҳовлисида 5-6 сотих томорқа ери бўлса-да унумли фойдаланмаётган кишиларни кўрсам ғазабим келади, - дейди Толиб ака. – Ердан фойдаланмаслик увол. Ҳеч бўлмаса рўзғори учун керакли сабзавотлар етиштиришга ҳам ҳафсала қилмаганни кечириб бўлмайди. Айниқса, бугунги карантин пайтида томорқадан ўринли фойдаланиш керак-ку.

Толиб ака томорқа даромадидан «Нексия» сотиб олди. Катта қизини узатди, ўғлига шинам уй қуряпти. Бу йилги даромадини йиғиб, келаси йил икки ўғлини уйлантиришни ният қилган.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.