Тольяттида 9 нафар ўзбекистонлик меҳнат мигранти заҳарланган
Қатор хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясининг Самара вилояти Тольятти шаҳридаги хостелда бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг заҳарлангани ҳақида хабар тарқалди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда ушбу ҳолатни ўрганди.
Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 20 июль куни Тольяттидаги хостелда вақтинча яшовчи меҳнат мигрантлари ўртасида оммавий касаллиниш оқибатида 13 нафар чет эл фуқароси 5-шаҳар шифохонасига ётқизилган.
Шифохонада даволанаётган ушбу фуқароларнинг 9 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланади. Беморларнинг барчасига “номаълум бактериал ичак инфекцияси” ташхиси қўйилган ва уларнинг ҳолати қониқарли.
Шунингдек, беморларнинг 1 нафарида коронавирус инфекцияси аниқлангани сабабли 1-шифохонага ўтказилган.
Шу билан бирга, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу юртдошларимизга юридик ва тиббий ёрдам кўрсатилишига тайёрлигини маълум қилади.