Томорқа хизматлари ташкил этилди. Нима ўзгарди?

Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида томорқа майдонлари хатловдан ўтказилди. Хатловга кўра, ҳозирда вилоятимиз туманларидаги 846 та маҳалладаги томорқага эга 538 минг 540 хонадон тасарруфида 61 минг 840 гектар экин экиладиган ер майдони мавжуд.

Томорқачилар ихтиёридаги унумдор ердан самарали фойдаланиш ва юқори даромадли экинлар экилишини таъминлаш учун вилоят ва туманларда штаблар, ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Уларга бошқарма, ташкилотлардан масъуллар бириктирилди. Томорқачиларга ёрдам бериш учун туманларда 41 та “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан аҳолига уруғлик, кўчат етказиб бериш, техника, кимёвий ишлов бериш ва бошқа хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Натижа қандай бўлди?

Ўтган йили 2019 йил ҳосили учун 12 минг 710 гектарга тўқсонбости усулида экинлар экилди ва баҳорда саримсоқпиёз, кўкатлар, сабзи, пиёз, ош лавлаги ва бошқа экинлардан жами 157 минг 573 тонна ҳосил олинди. Аҳоли ихтиёридаги томорқа майдонининг 32 минг 816 гектарида боғ, токзор, иссиқхона ва бошқа экинлар, қолган 29 минг гектар очиқ майдонда эртаги экинлар жойлаштирилди.

Албатта томорқа майдонларига тўлиқ экин экиш ишларини тўғри ташкил этишда жойлардаги ишчи гуруҳларнинг уйма-уй юриб, иш олиб боргани яхши самара берди. Хонадонларда олиб борилган ўрганишлар натижасида вилоятимиздаги 8 минг 387 та кам таъминланган ва имконияти чекланган оилага 43 мингдан ортиқ мевали дарахтлар ва ток кўчатлари ҳамда 27 минг килограмдан ортиқ картошка, сабзи, помидор, карам, пиёз ва бошқа уруғлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан етказиб берилди. Бу албатта, катта ютуқ бўлмаса-да, томорқадан унумли фойдаланиш, аҳоли даромадларини оширишда муҳим қадам бўлди.

2019 йил 11 январда вилоятимизга амалга оширган ташрифида давлатимиз раҳбари аҳоли хонадонларида 10 мингта 1 сотихли ихчам иссиқхона қуриш бўйича топшириқ берганди. Ҳақиқатда бу каби ихчам ва камхарж иссиқхоналар қуриш яхши даромад эканлигини тўғри англаган 10 минг 150 нафарга яқин томорқачилар мўъжазгина иссиқхона фаолиятини йўлга қўйишди. “Бир маҳалла - бир маҳсулот тамойили” асосида муайян маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш орқали маҳаллалар ва томорқа хизмати корхоналарининг кооперацияси яхши самара бермоқда. Бу айниқса, Каттақўрғон ва Иштихон туманларидаги томорқа хизмати корхоналарида тизим яхши йўлга қўйилган.

2020 йил ҳосили учун вилоятимиздаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари томонидан 13 минг 200 гектар майдонга тўқсонбости усулида экинлар экишни режалаштиргандик. Август-сентябрь ойларида 4 минг 815 гектарга пиёз ва саримсоқпиёз экилган бўлса, ноябрь-декабрь ойларида 8 минг 385 гектарга кўкат, ош лавлаги, пиёз, сабзи, карам ва бошқа экинлар экилди.

Кенгаш ва унинг тасарруфидаги “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятларининг асосий мақсади аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш, ички бозорни таъминлаш ва томорқачилар даромадини ошириш ҳисобланади.

Шу боис жойлардаги томорқачиларга қулай хизмат кўрсатишни ташкил этиш ва кенгаш фаолияти билан кенгроқ таништириб бориш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгашининг www.samfk.uz расмий веб сайти ишга тушди. Ушбу сайтда деҳқончиликнинг сир-асрорлари, вилоятимиздаги фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида эришаётган ютуқлари ва бошқа маълумотлар берилиб борилмоқда. Шунинг билан бирга жойларда учраётган муаммолар ва тўсиқлар юзасидан расмий веб-сайтнинг виртуал қабулхона саҳифасига мурожаат қилиш ҳам мумкин.

Хайрулла БЕРДИЕВ,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи.