Томорқачиларга кредит қай тартибда берилади?

Бу саволга Жомбой туманида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 27 мартдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш масалаларига бағишланган семинарда жавоб изланди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ташкил этилган семинарда вилоятдаги фермер ва томорқачилар, банклар, қишлоқ хўжалиги ва таъминотчи корхоналар масъуллари, “Томорқа хизмати “ масъулияти чекланган жамиятлари раҳбарлари иштирок этди.

Кенгаш ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Т.Сатторов, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Норқўзиев Президентимиз қарори юртимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ташаббусларини кенг миқёсда молиявий қўллаб-қувватлашда кенг имкониятлар яратганини таъкидлади. Жамғарма маблағларини йўналтириш орқали имтиёзли кредитлар ажратиш борасидаги амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

– Учрашувда томорқачилар имтиёзли кредит олиш, ундан фойдаланиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўлди, – дейди фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Самарқанд вилояти бўйича ҳудудий вакили Ф.Кенжаев. –  Шунингдек, банклар вакиллари билан бирга кредит расмийлаштирилиши шартлари, мавжуд тартиблар бўйича тушунча ва тавсиялар берилди.

Семинар давомида вилоятдаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, шунингдек, “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан жамғарма маблағлари ҳисобидан 15 миллиард сўмлик кредит олиш бўйича таклифлар билдирилди.

Тадбир қатнашчилари ушбу йўналишда Жомбой туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ўзаро тажриба алмашди.