Вилоят ҳокими фермерлар билан учрашди

Хабар берганимиздек, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Паст Дарғом туманида 2025 йил ҳосили учун экилган пахта майдонларида агротехник тадбирларининг ўтказилиши, пахтакорларни қийнаётган муаммолар юзасидан фермерлар билан учрашди.

-  Ер халқимизнинг умуммиллий бойлиги агар кимда-ким ердан самарали фойдаланмаса, замонавий интенсив технологияларни жорий қилмаса, сувни иқтисод қилмасдан хўжасизларча фойдаланса, пахта ва ғаллачиликда белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаса қандай қилиб юқори ҳосилдорликка эришиш мумкин, - деди А.Бобоев. - Ерга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириб, ғалладан гектарига 100 центнер, пахтадан 50 центнер ҳосилдорликка эришиш учун барча зарур чораларни кўришимиз шарт. Лекин минг афсуски, тумандаги фермер хўжаликларининг ғўза майдонларида олиб борилаётган агротехник тадбирлар аҳволи ўрганилганда ачинарли эканлигини кўрсатди.

Туманда 2025 йил ҳосили учун 13 095 гектар майдонга чигит экиш белгиланган. Чигит экилган майдонларда ғўзанинг униб чиқиши ҳамда қатор орасига биринчи ишлов бериш ишлари қониқарсиз аҳволда эканлиги қайд этилди. Экилган майдонларниг айрим жойларида чигит униб чиқмаган, биринчи культивация ўтказилмаган ва ғўзани баргидан озиқлантириш ишлари қониқарсиз ташкил этилган. Ушбу ҳолатлар ва далаларни ўтдан тозалаш ишлари суст олиб борилаётганлиги танқид қилинди.

Бугундан бошлаб ғўза парваришида “Фавқулотда зарбдор 15 кунлик” белгиланди. Хориждан келтирилган икки генли ғўза навлари экилган майдонларга олимлар тавсиясига асосан гербицидларни қўллашни таъминланиши, ғўза парвариши бўйича барча зарурий агротехник ишларни ўз вақтида бажариш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, дон қабул шохобчаларидаги ёпиқ ва очиқ сиғимларни, лаборатория ва тарозиларни, бошқа техника ва жиҳозларни мавсумга тўлиқ тайёрлаш, ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан ўтказиш ҳамда қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олиш учун барча зарур чораларни кўриш, ўрим отрядларини шакллантириш вазифалари юклатилди. Тижорат банклари раҳбарлари ва товар хомашё биржаси билан биргаликда ўзлаштирилмасдан турган 7,7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштирилишини таъминлаш кераклиги қайд этилди.

Ажратилаётган маблағларни ёқилғи-мойлаш материаллари ва менирал ўғитларга ҳамда пахта экилган майдонларга чопиқчилар учун ҳар гектарига 300 минг сўмдан иш ҳақини ҳар беш кунда тўлаб бериш топширилди.

- Туманимизда 692 та фермер хўжалиги бўлса, шундан 300 га яқини пахта-ғаллачилик йўналишида фаолият юритади, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Рустам Эшқобилов. – Учрашувда фермер хўжаликлар билан бирга туман, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳам иштирок этиб, соҳада йўл қўйилган камчиликлар санаб ўтилди. Фермерлар томонидан далаларни суғоришдаги қийинчиликлар, электр энергиясидаги узилиш ва нархлари, кластер корхоналарининг қарздорлиги каби 10 га яқин муаммо билдирилди. Вилоят ҳокими барча таклиф ва муаммолар ечими бўйича масъулларга топшириқлар бериб, муддатлар белгиланди. 

Ҳозирда туман ҳокими ва тегишли ўринбосарлар мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида мулоқотда фермерлар томонидан илгари сурилган масалалар юзасидан жойларда ўрганишлар олиб бориб, муаммоларга ечим топмоқда. 

Ўктам Худойбердиев.