Ҳақини ололмаётган фермерлар ва “Жомбойдон” АЖ можароси: суд муносабат билдирди, аммо муаммо муаммолигича қолди

2021 йил 16 ноябрь куни сайтимизда эълон қилинган “Фермерлар “Жомбойдон” АЖдан пулларини ололмаяпти: жамият важи эса “ёпишмаяпти” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. 

Мақолада “Жомбойдон” АЖга топширган ғалласи учун бир қатор фермерлар пулини тўлиқ ололмаётгани, шартнома сохталаштирилгани, ғаллага нотўғри ҳақ тўлангани ва суд бунга эътибор қаратмагани айтилган. 

Мақола юзасидан вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими муносабат билдирди. Мазкур муносабатда келтирилган ҳолатларнинг аскарияти лавҳамизда қайд этилган бўлиб, яна қатор қўшимча саволлар юзага келмоқда. Муносабат қуйидагича: 

“Булунғур туманидаги “Бойтўп Аллаёрбой Орзубек” фермер хўжалиги ва “Жомбой дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти ўртасида 2021 йил 1 июнда бошоқли дон харид қилиш бўйича шартнома имзоланган. Шартномага кўра, фермер хўжалиги 2021 йил ҳосилидан 24,5 тонна давлат буюртмаси учун дон топшириши лозим бўлган. 

Шунингдек, “Бойтўп Аллаёрбой Орзубек” фермер хўжалиги ва “Жомбой дон гумбаз олтин бошоқ кластер” масъулияти чекланган жамияти ўртасида бошоқли дон харид қилиш бўйича фьючерс шартномаси имзоланган. 

Шартномага асосан фермер хўжалиги жамиятга 10 тонна 2500 сўмдан буғдой маҳсулоти етказиб бериш мажбуриятини олган. Бироқ “Жомбой дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти фермер хўжалиги томонидан етказиб берилган ортиқча 17 минг 610 килограмм донни ўзига қабул қилиб, 1347 сўмдан ҳисоблаб пулини тўлаган. Фермер хўжалиги 17 минг 610 килограмм донни 2500 сўмдан ҳисоблаб, 20 миллион 304 минг 330 сўм маблағ йўқотганлигини таъкидламоқда. 

Худди шундай, “Худойбердиев Абдулла даласи” фермер хўжалиги 10 тонна, “Чарос Мурод даласи” фермер хўжалиги 16 тонна 116 килограмм, “Элобод нурли ери” фермер хўжалиги 19 тонна 462 килограмм ортиқча донни “Жомбой дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятига топширган. Улар ҳам тўловлардаги фарқдан норози. 

Даъвогар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Булунғур тумани кенгаши юқоридаги фермер хўжаликларининг кўрган зарарини қоплашни сўраб, судга мурожаат қилган. 

Тойлоқ туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан “Жомбой дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти ва “Жомбой дон гумбаз олтин бошоқ кластер” масъулияти чекланган жамияти алоҳида юридик шахслар ҳисобланади. Мазкур фермер хўжаликлари уларнинг ҳар бири билан тузган шартномаларининг бажарилиши бўйича бир-бирига нисбатан бурчлар ҳосил қилмайди. 

Яъни, даъвогарнинг “Жомбой дон гумбаз олтин бошоқ кластер” масъулияти чекланган жамияти билан тузган ҳар бир килограмм буғдой маҳсулотини 2500 сўмдан харид қилиш тўғрисидаги шартнома мажбуриятлари “Жомбой дон маҳсулотлари” АЖга мажбурият келтириб чиқармаслиги сабабли даъво талабини қаноатлантириш рад қилинган.

Ҳал қилув қароридан норози бўлган даъвогарнинг апелляция шикоятига асосан, иқтисодий иш Самарқанд вилояти суди иқтисодий судлов ҳайъатида апелляция тартибида кўрилиб, судлов ҳайъатининг 2021 йил 8 октябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган”. 

Таҳририятдан: Мазкур муаммони жамоатчиликка яна бир бор эслатиш учун фермерлар мурожаатидаги айрим фактларни қайтадан келтиришга мажбурмиз:

- фермерлар жамият билан дастлаб ҳар килограмм ғалла ҳосили учун 2500 сўмдан ҳақ тўлаш борасида шартнома тузган, аммо уларга 1347 сўмдан ҳақ тўлангани айтилган;

- шартнома сохталаштирилиб, бир килограмм ғалла учун қаердандир 1550 сўмдан ҳақ белгиланган. Суд бу каби сохтакорликларга эътибор қаратмагани айтилмоқда;

- Фермерлар “Жомбойдон” АЖ томонидан юридик кучга эга шартномани бузишга қонуний баҳо берилмаганидан норози;

- 2500 сўм ўрнига бир килограмм ғалла ҳосили учун 1347 сўмдан ҳақ тўланиши қонуний асос кўрсатилмаган. 1550 сўмлик нарх қаердан келиб қолгани ҳозирчага номаълум.

“Юқоридаги икки корхонанинг алоҳида ва бир-бирига бурчли” экани айтилмоқда. Аммо нима сабабдан уларнинг омбори битта экани, фермерлар фақат кўрсатилган омборга ғаллани тўккани ҳолда ҳам бугун очиқчасига уларнинг устидан кулгандек “бошқа-бошқа ташкилот” деган гап билангина изоҳ берилаётгани ғалати.

Хўп, маҳсулотни етиштирган ва топширган фермерлар нима қилиши керак пулини олиш учун? Мана шу саволга лўндагина жавоб йўқ.

Оддий олиб қарайлик, ҳозир 1347 сўмга битта қадоқланган сув ҳам бермайди. Ғалла фермернинг йил давомидаги меҳнати эвазига етиштирилган элнинг ризқи-ку. 

Мақолада айтилган фермерлар шартномани бажариб, яна топширган ортиқча маҳсулоти учун “чойчақа” олишаётгани рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат. 

Ҳатто қарши томон ҳам асослаб рад эта олмайдиган, ҳамма кўриб турган ҳақиқатни мутасаддилар кўрмаётгани фермерларга алам қилмай қолмайди, албатта.

Ўктам Худойбердиев, Zarnews мухбири.