Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сув тежамкор технологиялар жорий этилаётгани фермерларга қанчалик фойда келтиряпти?

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда сув тежамкор технологиялар жорий этилса, давлат бюджетидан субсидия маблағлари ажратилиши белгиланган. Бу имконият туфайли вилоятда сув тежамкор технологияларни жорий этаётган тадбиркор ва фермерлар сони ортяпти.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда 285 та қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари 9 минг 504 гектар ер майдонида сув тежамкор технологияларни жорий этгани учун 76 млрд. 64 млн. 350 минг сўм субсидия маблағлари олган.

Шундан, 221 та талабгорлар томонидан 5 минг 384 гектар ерда сув тежамкор технологиялар жорий этилгани учун давлат бюджетидан 43 млрд. 479 млн. 136 минг сўм субсидия маблағлари ажратилган.

Сув тежамкор технологияларни жорий этиш юзасидан 2022 йилга мўлжалланган лойиҳалар ҳам бор. Хусусан, бу йил вилоят бўйича 27 минг 900 гектар ер майдонида сув тежамкор технологиялар ўрнатилиши режалаштирилган. Шундан, 19 минг 543 гектари пахта майдонларида тежамкор технологиялар жорий этилади.

Жумладан, Паст Дарғом туманида 4 минг 200 гектар, Пайариқда 4 минг гектар, Каттақўрғон туманида 2 минг 400 гектар, Пахтачи туманида 2 минг 343 гектар, Оқдарё ва Иштихон туманларида 2 минг 200 гектар пахта майдонида сув тежамкор технологиялар ишга туширилади.

Бугунги кунда “Агроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ҳар бир лойиҳа юзасидан буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар, уларнинг ҳаракат режаси, сув тежовчи технологиялар учун келтириладиган асбоб-ускуна ва бошқа ташкилий-техник масалаларни ҳал этиш юзасидан назорат ўрнатилган.

Сув тежовчи ускуналар жорий этиш ҳар гектар ер ҳисобига сувни 40-45 фоизга тежаш имконини бериши билан бирга, ҳосилдорликни 15-20 центнерга оширади. Буни вилоятдаги кўплаб кластер корхоналари, фермер хўжаликлари амалда синаб кўришди.

Жумладан, Иштихон туманидаги “Maroqand Sifat Texstil” МЧЖ кластер корхонаси бир неча йилдан бери пахта етиштиришда сув тежовчи ускуналардан фойдаланиб келади.

- Инновацион технологиялар амалиётга татбиқ этилганидан сўнг бир вақтлар 15-20 центнердан пахта хом ашёси етиштирилган ҳудудлардан, биргина 2021 йилнинг ўзида 45-50 центнер пахта хом ашёси йиғиштириб олинди, -дейди инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Аваз Очилов. - Ҳар гектар ердан одатий усулда суғоришга нисбатан 40-45 фоиз сувни тежашга эришилди. Сув тежамкор ускуналарнинг яна бир афзаллиги шундаки, ғўзага агротехника қоидаларига асосан ишлов бериш, культивация қилиш кескин камаяди. Минерал ва маҳаллий ўғитлар айнан ўсимлик илдизига юборилиши, ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилади.

Томчилатиб суғориш ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали эканлиги амалда ўз исботини топмоқда. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан замонавий инновацион технологиялар жорий этилса, сув ресурслари ва харажатларни тежаш баробарида, кўпроқ даромад олишга замин ҳозирланган бўларди.

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.