Тўрт вилоят спорт мураббийлари Самарқандда малака оширяпти

Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш маркази Самарқанд филиали ташкил этилганига ҳали кўп бўлмади. Бу ерда Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий вилоятларидаги таълим-тарбия муассасаларида фаолият юритаётган жисмоний тарбия ўқитувчилари, мураббийлар касбий билим, кўникма ва малакаларини оширмоқда.

Ҳар йили ўртача 3 мингдан зиёд жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассислар ўқув машғулотларига қатнашади.

Филиал учун алоҳида бино ажратилиб, 4 та кафедра ва профессор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилди. Белгиланган ўқув режа асосида ишчи ўқув дастурлари ва ўқув-услубий мажмуалар тайёрланди. Айни пайтда филиалимизда 50 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар меҳнат қилмоқда. 2020 йилда профессор-ўқитувчиларимиз томонидан 9 та ўқув қўлланма, 14 та услубий қўлланма, 16 та услубий ишланмалар тайёрланди, юздан ортиқ мақола ва тезислар чоп этилди.

Филиал профессор-ўқитувчилари “Ўзбекистонда жисмоний маданият тизимининг ҳолатини ўрганиш ва уни янада такомиллаштириш” мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Самарқанд давлат чет тиллар институти олимлари билан ҳамкорликда “Жисмоний маданият соҳасининг давлат тилидаги тушунча ва атамалари”ни ишлаб чиқилди. Русча-ўзбекча, инглизча, испанча луғатлар тайёрланди, луғатнинг немисча, французча ва хитойча вариантлари устида иш олиб борилмоқда.

Аммо, амалга оширилаётган ишларимиз давр талабларидан орқада қолаётганлигини ҳам тан олишимиз лозим. Муаммо ва камчиликларимизни бартараф этишимиз учун ўқув моддий базамизни мустаҳкамлаш, спорт турлари бўйича амалий машғулотларни ўтказадиган талаблар даражасидаги спорт комплексига эга бўлишимиз, ахборот ресурс марказини мутахассислик йўналишидаги ўқув адабиётлари билан таъминлаш, тингловчилар учун мўлжалланган 100 ўринли ётоқхонани таъмирлаш, қўшимча тураржойни барпо этиш, ўқув биноларини иситиш тизимини таъмирлаш каби масъулиятли вазифалар олдимизда турибди. Айни пайтда ушбу муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

У.Мамарасулов,

филиал директори.