Тошкент-Минск автопойгаси старт олди
Бугун UzAuto Motors Service & Trade-In Center майдонидан Ravon R2, R3 ҳамда R4 автомобилларида Тошкент-Минск автопойгаси старт олди.
Пойганинг 4 000 километрлик йўналиши Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Белорусь ҳудудидан ўтади. Автопойгадан кўзланган мақсад истеъмолчилар билан дўстона алоқаларни ўрнатиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар ишончлилигини кўрсатишдир.
Белоруссиялик ОАВ вакиллари Ўзбекистонга ташрифи чоғида Асака автомобиль заводига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёни билан таништирилди.
Улар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида завод раҳбарияти Ўзбекистондаги автомобилсозлик соҳасининг муҳим жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди.
Автопойгада белоруслик журналистлар ва уларнинг суратга олиш гуруҳи қатнашади. Улар мазкур пойгалардан репортажлар тайёрлаб боради. Автопойга вақтида тайёрланган материаллар Белорусь Республикасининг асосий интернет-портали – Tut.by, Onliner.by, Av.by, Abw.by да чоп этилади.
Автопойга ташкилотчиси UzAuto Motors компанияси.