Тошкент прокуратураси таниқли дизайнер ўлими билан боғлиқ тарқалган видеоролик учун узр сўради
Бугун ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтларда Тошкент шаҳар прокуратурасининг «Telegram» каналига ҳавола берилган ҳолда куни кеча ўлдириб кетилган дизайнер Наримон Григоряннинг мурдаси акс этган видеоролик суратлар билан тарқалди ва кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди.
Тошкент шаҳар прокуратураси тарқалган видеоролик юзасидан баёнот берди.
Унда айтилишича, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан жорий йилнинг 15 январь куни ижтимоий тармоқларда, хусусан, “Instagram”, “Facebook” тармоқлари ҳамда “Telegram” каналларига жойлаштирилган иш ўрганувчиларни жиноят содир бўлган воқеа жойига олиб чиқиб ўқитиш жараёнида олинган суратлар асосида тайёрланган видеоролик ички хизматда фойдаланиш учун тайёрланган бўлиб, расмий каналга жойлаштириш учун тайёрланган бошқа 4 та материал билан биргаликда оператор хатоси билан юкланган.
Шу сабабли Тошкент шаҳар прокуратураси зудлик билан ушбу видеороликни расмий каналдан олиб ташлаш чораларини кўрган ва фуқаролардан мазкур ҳолат учун узр сўраган.