Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тўй учун йиққан пулини эҳтиёжмандларга сарфлади

Халқимизда "Савоб ишни ҳар ким, ҳар кун қилиши керак", деган доно гап бор. Кейинги пайтда турли соҳа вакилларининг савоб иш қилаётганини эшитиб, қувоняпмиз.

Ана шундай савобталаб инсонлардан бири Пайариқ туманининг Сарбозор маҳалласи, Ўрта Сайдов қишлоғида яшовчи Мансур ҳожи (фамилиясини ошкор қилишимизни хоҳламади) неча йилдирки маҳалладаги беморларга, кам таъминланган инсонларга кўмак бериб келади.

У киши айни кунларда набираларига тўй қилиб бериш учун йиққан пулини маҳалладаги 10 та оилага қорамол олиб беришга сарфлади. Эҳтиёжманд оилаларга қорамолни маҳалла вакиллари етказди.

- Маҳалламиз биносининг қурилишида ҳам ўзи бош бўлиб, шефир олиб берди, усталар хизмат ҳақини ўзи тўлади, - дейди маҳалла раиси Тўлқин Мусурмонов. - Ўтган йили учта оилага ҳам қорамол олиб берган эди. Буни мақтаниш учун эмас, балки ана шундай инсонларнинг борлиги ва улар сони ошаётганидан хурсанд бўлиб айтяпман.

Афсуски, кейинги пайтда тўйларда дабдабабозлик яна кўпаяётгани, янгича удумларни одамларнинг ўзи сунъий яратаётгани, исрофгарчилик бўлаётганини эшитяпмиз, кўряпмиз. Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда тўйларни, маъракаларни қисқартириш, ортиқча сарф-харажатларсиз, камхарж қилиб ўтказиш кераклиги тўғрисида кенг жамоатчилик бонг урмоқда. Аммо бу гаплар айрим кимсаларга ҳамон етиб бормаяпти.

Шу боис юқоридаги каби қўли очиқ инсонлар амалга ошираётган хайрли ишларни айтсак, бу албатта ўз натижасини беради.     

Ҳусан Элтоев.