Тўйларни ким тартибга солади?

Бу мавзу яна трендда. Сабаби ковид касаллиги чекиниб, яна ўзини кўз-кўз, қилиш, кимўзарга тўй қилиш авж олди. Бу аниқ...

Муҳокамаларни кузата туриб хаёлга бир фикр келади. Карантин чекловларидан аввал масала жиддий тус олгани сабаб, ижтимоий тенгликни таъминлаш, маънавий таназзулнинг олдини олиш учун парламент палаталари қўшма қарор қабул қилди.

Аввал айтганимиздек, бу ҳужжат юридик жиҳатдан қонуний кучга эга. Оддий айтганда, Ўзбекистонда яшаётган инсон зоти борки унда белгиланган талабларни бажаришга мажбур.

Лекин ҳеч ким нега Сенат ва Қонунчилик палатаси белгилаган қоидалар бажарилмаяпти, дегани йўқ. Билдирилаётган фикрлар яна ўша тўйдаги ортиқча одатлар, дабдаба ва бошқалар ҳақида. Яъни, ўзак қолиб, яна қобиқ атрофида айланяпмиз. Мантиқ қани?

Аслида маърака-маросимлардаги салбий одатларнинг олдини олиш учун аниқ тартиблар белгиланган бир шароитда нега унга амал қилинмаётганини муҳокама қилиш керак эмасми?

Йўқ, бизга ўзимизни билганимиз, тўғри.

Ҳайрон қоласан, демократик ҳуқуқий давлатда ҳар қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик аниқ ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинмайдими? Бас шундай экан, нега аниқ тартиб турганда унинг ижро сўралмайди?

Сенат ва Қонунчилик палатасининг қарорига кўз югуртираркансиз, асосий юклама депутатларнинг зиммасида. Афсуски, ҳокимиятнинг муҳим бир институти бўлган халқ ноиблари ҳозирча, жамият ҳаётида ўз ўрни ва ролини эгаллашга гоҳида ҳафсала, айрим вақтларда журъат топмаяпти.

Худди шундай тўй-ҳашамлар, оилавий маърака ва маросимлар масаласида ҳам бу кўзга ташланмоқда.

Қарор талабларига кўра, тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилиши керак.

Оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатиши зарур.

Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Қачон бу тартибга амал қилинганини кўрдингиз? Ваҳоланки, мутасадди вазирлик ва идоралар зиммасига айни қоидаларнинг ижроси таъминлаш масъулияти юкланганди. Мисол учун, белгиланганидек, маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.

Қайд этилганларда қайси бири бу вазифасини бажаряпти?

Тўйларни тартибга солишда амалдорлар, моддий тўқ кишилар ибрат бўлиши ҳақида бир аср аввал Беҳбудий яхшигина амалиётни йўлга қўйгани маълум. Бугун бундай журъат қиладиган кишини топиш амримаҳоллиги ҳам аниқ. Аммо юридик аҳамиятга эга бўлган ҳужжат ижроси-чи?

Савол устига савол, бироқ тайинли жавоб йўқ. Бизнингча, қуруқ мулоҳаза ва муҳокамалардан ҳеч қандай натижа йўқ. Белгиланган аниқ қоидалар ижросига киришиш керак, тамом!