Тўйлар ёхуд турмушимизни тарк этмаётган ўйлар

Юртимиздаги тўй маросимлари ўзига хос урф-одатлар билан ажралиб туради. Биргина никоҳ тўйи билан боғлиқ “нон синдириш”дан тортиб “қуда чақириқ”қача ўнлаб одатлар бор. Орзу-ҳавас деб хаспўшланаётган ва оқибатда йўл қўйилаётган ортиқча чиқимларга ҳатто ХХ аср бошларида ҳам турлича муносабатлар мавжуд бўлган. Бу борада қизғин баҳс-мунозаралар юзага келган.

Афсуски, мазкур масалада ҳамон жамиятимиз ўзини бошқара олмаётгани ҳамда сарф-харажатлар кундан-кун кўпайиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ҳатто кўплаб ватандошларимиз фақат тўй ва у билан боғлиқ харажатларни кўтариш учун хорижий мамлакатларда оғир шароитда меҳнат қилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Қонуний чеклов мумкинми?

Тўйлар масаласи муҳокамасида жамият деярли иккига бўлинган. Уларнинг бир қисми сарф-харажатларни чеклаш тарафдори бўлса, бошқалар эса бундай йўл тутиб бўлмаслигини исботлашга уриниб келади.

2018 йил 29 июнда Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар халқимизнинг миллий урф-одатлари, ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши борасида ягона, қатъий нормалар белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келишган.

Халқимиз орасида тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ўтказишни йўлга қўйишга муайян меъёрий ҳужжат билан эмас, одамлар ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, шахсий ибрат, намунали тадбирлар мисолида эришиш ҳар жиҳатдан фойдали экани қайд этилади.

Дарҳақиқат, бу амалиёт ҳам аслида бегона эмас. Зотан, манбаларга кўра, жадидларнинг етакчиларидан бири, катта бойлик ва мансаб эгаси Маҳмудхўжа Беҳбудий 1909 йил 15 апрелда Мақсуд Хўжа исмли ўғлига хатна тўйи қилиб, 1000 рублдан ҳам кам пул сарфлаган экан. Манбаларда келишича, у тўйга кетадиган ортиқча сарф-харажат ўрнига Самарқанддаги кутубхонага Россия ва Туркиядан китоблар харид қилиб келтирган.

Жадидлар томонидан чоп этилган газеталарда йирик ер ва мулк эгаларининг камхарж тўй қилиб, эзгу ишларга катта маблағ сарфлагани ҳақида тарғибот материаллари бериб борилган. Бугун афсуски, бундай “жасорат” кўрсатаётган зиёли ёки амалдорни учратиш қийин масалага айланди...

Бошқаларга зулм қилмаяпмизми?

Тўғри, никоҳ тўйи, яъни валийма, айрим уламоларга кўра, мустаҳаб ёки вожиб (қилиниши керак, қилинса мақбул) амал саналади. Бироқ муайян талаб­лар борки, бугун уни ёддан чиқариб қўймаяпмизми?

Хусусан, айтилишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар чақирилмаган валийма таомидир”, дер экан.

Демак, валиймалар, умуман, исломда бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтариш экан. Ўйлаб кўринг, никоҳ тўйида “энг ёмон таом” тортмадингизми? Валийма зиёфатига камбағал, бева-бечоралар кўпроқ даъват қилинса, эҳсон ўрнига тушган бўлармиди?

Аждодларимиз никоҳ тўйи қилиб, кўпчиликни чорлашидан кўзланган асосий мақсадлардан бири мусулмонлар жамоасининг янги оила ва келин-куёв ҳақига дуоларидан умидворликдир, дейишган. Биз-чи, бойлигимизни, нималарга қодирлигимизни кўз-кўз қилиш учун тўй қилмаяпмизми?

Айтилишича, тавозе банданинг Яратганни ва ўз нафсини яхши билишидан пайдо бўлади. Тавозели одам Аллоҳ учун қалбини синиқ тутади, ўзини паст олиб, одамларга раҳмли бўлади, бошқаларни ўзидан афзал билиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилади.

Шариатни тан олмасак, қонунни-чи?

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари 2020 йил 14 сентябрь куни тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди.

Қонун билан тенг юридик кучга эга бўлган мазкур ҳужжат 2021 йил 1 январдан кучга кирди. Унда оилавий тадбирлар белгиланган қатъий талаблар асосида ўтиши белгиланганди.

Хусусан, тартибга кўра, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш”, “пул сочиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Унда шу каби яна бир қатор талаблар белгиланганди. Афсуски, орадан кўп ўтмай, пандемия сабабли карантин эълон қилинди. Жони кўзига кўринган одамларимиз шундоқ ҳам бажонидил турли маросимларни қисқартиришга тушишди. Лекин вазият изига тушиши билан яна ўзлигимизни йўқотишни бошладик.

Аммо Парламент палаталарининг қайд қилинган қарори ҳамон ўз кучида. Ҳамма гап унга амал қилиш ёки қилмаслигимизда, тегишли идоралар томонидан ижроси назорат қилинишида қолмоқда.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.