Шов-шув бўлаётган Самарқанд тўйлари ёхуд маъракаларни назоратга олган раис
Бугунги кунда ўтказилаётган дабдабали тўйлар ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўляпти. Ачинарлиси, уларнинг аксарияти Самарқанд билан боғлиқ.
- Бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олишимиз керак, - дейди республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Дилшод Исмоилов. – Бўлимимиз ва қатор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, яқинда муборак зиёратдан қайтган ҳожилар билан ҳамкорликда тарғибот тадбирларини кучайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Махсус қўлланмалар тайёрланди. Тўйларни ихчамлаштириш учун таклифларимизни ўртага ташладик. Масалан, тўйларнинг сценарийсини ишлаб чиқиш, келин-куёвларнинг миллий кийимларда иштирок этишини таъминлаш, кенг жамоатчиликка кўз-кўз қилинаётган “Севги тарихи” деб номланган видеороликлар намойишига барҳам бериш шулар жумласидандир.
Вилоятимизда шундай маҳалла бор, унда охирги йилларда деярли барча тўй, маърака ва маросимлар фуқароларнинг ўз хонадонида, миллий қадриятларимизга мос шаклда ўтказилмоқда. Қизиқ томони, бу маҳалла вилоятнинг чекка бир туманида эмас, балки бир-биридан ҳашаматли тўйхоналари бўлган Самарқанд шаҳрида жойлашган. Ишонмадингизми? Биз ҳам у ерга боришимиздан олдин гумонда эдик...
Эски шаҳар қиёфасига хос тор ички кўчалар, зич жойлашган хонадонлар оралаб маҳалла фуқаролар йиғини биносига етиб келдик. Бир қарашда бундай шароитда катта бир никоҳ тўйини ўтказиш мураккаброқ. Бироқ бағрикенг бекҳоликлар бунинг уддасидан чиқяпти, аниқроғи, улар тўйларини тўйхонадагидан-да чиройли ўтказяпти экан.
— Маҳаллага раис қилиб сайлашганига икки йил бўлди, - дейди Абдувоиз Дўстов. – Ишни энди бошлаганимда фуқаролардан бири ўғлини уйлантирмоқчи эканлиги, аммо қўли “калтароқ” эканлигини айтиб, маслаҳат сўраб қолди. Шу вақтгача тўйларни қисқартириш ҳақида кўп гапирганмиз-у, лекин буни қандай амалга ошириш мумкинлиги ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаган эканмиз. Кимдир камроқ меҳмон чақиришни маслаҳат беради, бошқаси шаҳардан ташқаридаги арзонроқ тўйхонани гаплаш дейди. Ҳар қандай йўлни танламайлик, барчани рози қилиб бўлмасди. Шунда ташаббусни ўз қўлимга олишга қарор қилдим.
Раис шаҳардаги бир нечта базмгоҳларга бориб, улардаги нарх-наво, хизмат кўрсатиш тартибини ўрганди. Кейин маҳалла фаоллари билан кенгашиб, уйда ўтказиладиган тўйга кетадиган харажатни ҳисоблаб чиқди. Учга бир. Ҳа, уйда ўтказиладиган тўйнинг харажати учга бир ҳисобда арзонроқ тушар экан.
— Буни тўй бошламоқчи бўлган фуқарога тушунтирдик, - дейди раис. – У бошида қўрқди, қариндош-уруғи, қўшнилар норози бўлишидан, оворагарчилик кўпайишидан хавотир олди. Мен унга тўйнинг бошида ўзим туришимни айтиб, кўндирдим. Шундай ҳам бўлди. Тўйнинг бошида туриб, камхарж ва энг асосийси, миллий қадриятларимизга мос чиройли базм ўтказдик. Буни кўрган бошқалар ҳам биздан ёрдам сўрай бошлади.
— Бунгача бир қизим ва ўғлимнинг тўйини базмгоҳда ўтказганман, - дейди яқинда икки ўғлини уйлантирган Раҳмат Ҳамдамов. – Уйда ўтказилган тўйда ўшандаги харажатимнинг ярмини қилдим. Ўйлаб кўрсам, биз халққа тўй беришнинг асосий мақсадини унутиб қўйган эканмиз. Дабдаба, сарпобозлик, охири йўқ маросимлар ўзимизга ҳам ёқмайдику, меҳмонларга ёқармиди? Уйда тўй ўтказиб, буни тушуниб етдим. Тўйимиз ихчам ўтган бўлса-да, унда бутун маҳалламиз иштирок этди. Маслаҳат оши, сабзи туғраш, наҳорда қадриятларимизни эсладик. Айниқса, ёшлар жуда хурсанд бўлди.
Маълумотга кўра, бу маҳалланинг 200 нафарга яқин фуқароси хорижда, яхши даромадли ишларда ишлайди. Бундан ташқари, мансабдор ва ишбилармонлари ҳам кўп. Дабдаба десанг, кўпчиликдан орттириб қила оладиган шу одамлар маҳалла раисига қулоқ тутаётгани, исрофгарчиликларга чек қўйгани қувонарли. Кузатувларимиздан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, аксар маҳаллаларда бойлар раисни писанд қилмайди. Унинг гапи қонун эмас, фақат маслаҳат сифатида қабул қилинади.
— Ўз маҳалласига “эга”лик қила олмайдиган раис лавозимига номуносиб, - дейди Абдувоиз Дўстов. – Агар барча ҳамкасбларим ўз ишини билиб қилганида, тўй, маросим ва бошқа шунга ўхшаш масалаларда муаммолар бўлмас эди. Назоратни қўлдан бериб қўйдик, энди уни қайтаришимиз керак. Албатта, фақат қаттиққўллик билан иш битмайди. Намуна, ташаббус кўрсатиш, маҳалла аҳлини жипслаштиришни ҳам билиш керак. Маҳалламиздаги бу ютуқ биргина ўзимники эмас, “еттилик”, комиссия аъзолари, фаоллар билан ҳамжиҳатликда ишлаймиз. Айтишим мумкинки, ҳозир бизда никоҳ тўйлари 170 киши билан, ихчам дастурхонда ўтказилади. Шундай тўй ўтказганлар орттириб қолган пулига уй қурди, машина олди.
Бу маҳалладаги камчиқим тўйлар ва уларни ўтказаётган одамларнинг фикрлари ҳақида яна узоқ ёзиш мумкин. Аммо мақоланинг мақсади кимнидир мақтаб, бошқаларни ёмонлаш эмас. Ҳар ернинг ўз тошу тарозиси бор. Айтмоқчи бўлганимиз, тўйларни дабдаба ва исрофгарчиликсиз, муҳими, ҳеч кимни норози қилмасдан ҳам ўтказиш мумкин экан. Бекҳо маҳалласининг тажрибаси бунинг исботи. Айни тажрибадан бошқа раислар ҳам фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Асқар БАРОТОВ,
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.