“Life Garden” тўйхонаси ходими ва тўй эгасига чора кўрилди
Ижтимоий тармоқлар орқали "Самарқанд шаҳридаги “Life Garden” тўйхонасидаги тўйда, гўштли маҳсулотларни безатиш учун яна тирик балиқлардан фойдаланишгани" ҳақида маълумот тарқалди.
Мазкур ҳолат Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ўрганилди.
Маълум қилинишича, ҳақиқатда ҳам мазкур воқеа Самарқанд шаҳрида жойлашган “Life Garden” базмгоҳида содир этилганлиги аниқланди.
Ушбу базмгоҳ иш бошқарувчисининг айтишича, тўй соҳибларининг талабига биноан 9 дона Петишок балиғи тўй дастурхонига безак учун ижарага келтириб қўйилган экан. Сўнгра ушбу балиқларга зарар етказилмаган ҳолда эгасига қайтариб берилган.
Ҳолат тўғри ёки нотуғрилигини текшириш мақсадида, давлат инспекторлари томонидан ўрганилганда ушбу балиқларга зарар етказилмаганлиги маълум бўлди.
Аммо шундай бўлишига қарамай, табиат жониворларига шавқатсиз муносабатда бўлганлик учун, тўй ўтказган фуқарога ва базмгоҳ соҳибига нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари кўрилиб, ҳолат қайтарилмаслиги юзасидан огоҳлантириш бериб ўтилди.