Дабдаба ортидаги фожиа ёки одамлар нима дейди?
Тўй - бу асли никоҳ асносидаги оилавий маросим ҳисобланса-да, кейинги пайтларда бу кимўзарга баҳслашадиган, таъбир жоиз бўлса, ўзининг нечоғли “тўқ”лигини бошқаларга намойиш этадиган воситага айланди.
"Одамлар нима дейди” деб, бир кунлик шодиёна учун боримизни бериб, қарзга ботиб, кейинчалик ўша “кўз- кўз” туфайли бир неча йил заҳмат чекишга мажбур бўляпмиз. Ўзига тўқ, “ошиб-тошиб” ётган оилаларга балки бу билинмас. Лекин кейинги пайтларда бу “орзу-ҳавас”лар борасида тафовут қисқариб, ҳеч кимнинг бировдан кам бўлгиси йўқ. Афсуски, бугунги кимўзарда донг таратувчи, эртанги “жабрдийда”га айланиб қолмоқда.
Бу борада ҳаётий мисолларга мурожаат этсак: Қурбон ака 57 ёшда. У киши 20 йилдан буён Россияга қатнайди. У муҳожирликнинг илк йилларида топганига уй солиб, “уй тўйи” қилди. Кейинги йиллар топганига данғиллатиб “ўғил тўйи” қилди.
- “Одамлар нима дейди”деб, қарз кўтарса-да “душман кўзига” машина олди, унгаям “машина тўйи” қилиб берди. Аммо қарз қайтарарда ўғли Қодирни ҳам 19 ёшида ўзи билан олиб кетди. Топгани тўйга буюраётган, бугун ёши бир жойга бориб қолган Қурбон ака ўз соғлиғига эътибор беролмади. Бугун уни ҳам, умр йўлдошини ҳам соғлиғида бир неча нуқсонлар бўлиб, шифокорлар огоҳлантиришига доимгидек бепарво: ”Дўхтирлар айтаверади-да”, деб қўл силтайди. Даволанишга гўё вақт ҳам, имкон ҳам йўқдек. Лекин бир йилдан бери, янги тўйга деган тўрт бош қўчқор, бир новвос қозиқда. Турфа хил ичимликлар подвалда тахт. Етмаганига, қарз кўтармоқчи. Ишқилиб, бирор ками кўсти бўлмасин. Ахир, “Одамлар нима дейди”.
Таниш ҳолатми? Шу тарзда ўтадиган кўп тўйлар, балки эгасига бир лаҳза бахтли онларни тақдим этар. Аммо, ниманинг бадалига? Йиллаб яқинлар дийдоридан узоқдаги муҳожирликдаги оғир ҳаёт эвазигами? Йўқотилган соғлик, сарф этилган куч ва умрининг гуллаган лаҳзалари эвазигами?
Энг ёмони, Қурбон ака сингари данғиллама тўй соҳиблари учун оғир лаҳзалар айнан ўша тўйдан кейин бошланади. Етишмовчилик, қарз қистови сабаб, яримжонлигига қарамай ота янги куёвни олиб, яна узоқ юртга кетишга мажбур бўлади. Тўй ЗАГСидаги автомобиллар кортежи учун 5-6 миллион сўм сарфланади-ю, келиннинг репродуктив ҳолатини яхшилаш учун 100 минг сўмлик дармондорига пул топилмайди. Ўнлаб яшик ароқ ортиб қолади-ю, уйда ҳаммом чала. Қиш-қировли кунга ўтин-у, кўмир йўқ.
Маълумотларга кўра, арманилар келин-куёвни, яъни бўлажак ёш ота-она организмини катта ҳаётга тайёрлашни тўйдан анча олдин бошлаб; тиббий кўрикдан ўтказиб, витамин ва бошқа зарур воситалар билан таъминлар экан. Бизда никоҳланувчилар учун мажбур қилинган тиббий кўрикни ҳам иложи бўлса, таниш-билиш орқали четлаб ўтиб, осон ҳал этамиз. Фарзандини тиббий кўрикка олиб боришни эса ҳеч ким хаёлига келтирмайди. Ахир битта-яримта кўриб қолса, ”одамлар нима дейди”.
Ҳали ҳашаматли тўй ва ЗАГСнинг завқли дамларидан масрур куёв, висолга қонмаёқ, жуфтининг бағрини совитиб кетишга мажбур бўлса. Дунёга келажак илк фарзандини дийдорини кўролмаса, нуридийдасини бағрига босолмаса, унга оталик бахти татимаса... Жабру ситамлар алгоритми шу тазда давом этаверади.
Энди бир ҳисоб-китоб қилсак: Ҳозир баъзи тўйларда дабдаба учун 400 кг.гача гўшт, 300 та ароқ, ассортилар учун қўшимча товуқ гўшти, яхна ва тандир гўшти, колбаса маҳсулотлари, турфа газаклар, ширинлик, мевалар, салқин ичимликлар, қуруқ мевалар ва бошқа маҳсулотлар учун 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфламоқда. Ҳатто ер юзининг фаровонлик нуқтаси бўлган Америкада ҳам тўй дегани яқин дўстлар даврасида битта димланган курка билан ўтиб кетса-ю, бизда шунча дабдаба. Ундан ташқари, тўйдаги келин либоси, мебель, сарпо-суруқ, номдор қўшиқчиларга хизмат ҳақи, видеочи-ю, ЗАГС карвони...га кетадиган харажатлар-чи?
Қани энди тўй ўтказишда манманлик ва риёкорликдан бироз чекиниб, меъёр ва мўътадилликни танласак. Тўйни ”Одамлар нима деса десин” тарзида ўтказиб, базмни 500-600 эмас, 100-200 кишига мўлжаллаб қилсак. Дастурхоннинг чиқимини ҳам шунга мосласак, исрофгар эмас, тежамли бўлсак.
Тўй ҳам, ЗАГС ҳам соддароқ бўлса-да, тежалган пулга келин чеварлик қилса, куёв ҳеч бўлмаса чорва боқса; оила даромади ошиб, болалар ота бағрида улғаярди.
Тўйда нимадир кам бўлса ҳам, энг муҳими, оила бағри тўкис бўлсин. Оила кемтик бўлиб, дарз кетса, унда кўринг одамлар нима дейишини...
Шуҳрат Нормуродов.