Тойлоқда чинорларнинг «буталиши» 63,8 миллион сўмга тушди
Тойлоқ туманида кўп йиллик чинор дарахтларига ўзбошимчалик билан зарар етказган фуқарога нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилди.
Тойлоқ тумани Экология ва иқлим ўзгариши бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида тумандаги Маданият маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи марказий автомобиль йўли ёқасида ўсиб турган 10 тупдан ортиқ чинор дарахти маҳаллада яшовчи фуқаро Х. Ф. томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этилмаган ҳолда буталгани аниқланди.
Бунинг оқибатида дарахтларга жиддий шикаст етказилган. Мутахассислар томонидан дарахтларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган даражада зарар етказилгани қайд этилди.
Аниқланган ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисмига мувофиқ 11 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Бундан ташқари, табиатга етказилган зарар миқдори ҳам ҳисоблаб чиқилиб, 52 миллион 800 минг сўм этиб белгиланди.
Шу тариқа, фуқарога қўлланилган жарима ва табиатга етказилган зарарни қоплаш миқдори жами 63 миллион 800 минг сўмни ташкил этди.
Экология мутахассислари дарахтларни асраб-авайлаш, уларни ўзбошимчалик билан кесиш ёки шикастлаш экологик қонунчилик талабларига зид эканини эслатмоқда. Дарахтларга етказилган ҳар қандай зарар қонун доирасида баҳоланиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
Самарқанд вилояти Экология бош бошқармаси матбуот хизмати