Тойлоқдаги оролчада сув сатҳи кўтарилганлиги боис 24 нафар кишига ёрдам кўрсатилди (фото)

Кеча, 4 июль куни соат 10:05да Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик хизматига телефон орқали Тойлоқ тумани “Зарафшон” маҳалласи “Мирзаполвон” қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳ.А. мурожаат қилиб ёрдам сўраган.

Маълум бўлишича, 3 июль куни Зарафшон маҳалласи Мирзаполвон қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида жойлашган, ўзлаштирилган ер майдонида деҳқончилик қилиш учун оролчага 24 нафар маҳаллий фуқаролар дарёни кечиб ўтишган. Аммо, сув сатҳи кўтарилганлиги туфайли оролдан яшаш пунктига қайтиш имкони бўлмаган.

Мазкур ҳолат бўйича, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида жами 4 нафар ҳарбий хизматчи ва 6 нафар қутқарувчилар зудлик билан белгиланган ҳудудга етиб боришди.

ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида, оролчада қолиб кетган 24 нафар фуқаролар тан жароҳатисиз махсус кичик хажмли кемада қирғоққа олиб ўтилди.