Тойлоқда карантин ҳудудидаги фуқаро билан мулоқот қилган шахс ушланди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги кўп тармоқли шифохона айни пайтда карантинга олинган бўлиб, мазкур масканни қўриқлаш ва фуқаролар хавфсизилгини таъминлашга Марказий ҳарбий округ бўлинмаси жалб қилинган.

Кеча, 21 апрель куни карантин объектидаги фуқаро билан мулоқот қилган тартиббузар ушланди. Патруллик йўналишида юрган соқчи шифохона девори олдида икки киши гаплашиб турганини кўриб, бу ҳақда тезкор қўлга олиш гуруҳига хабар беради.

 Маълум бўлишича, фуқаро Ж.К. карантинда бўлган яқин кишисига ўз соғлиғи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйиб, кийим-кечак ва озиқ-овқат етказиб бераётган экан. Олов билан ўйнашган тартиббузарга маъмурий баённома тузилди.

– Карантинга олинган объектларга маълум вақт кириш-чиқиш таъқиқланади, – дейди подполковник Шавкат Абдураҳимов. – Чунки бу ерда касалликни юқтириб олиш хавфи юқори. Баъзи фуқаролар эса оддий қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида юзлаб инсонлар ҳаётини хавф остида қолдирмоқда.

Ғайрат МАДРАҲИМОВ,

ҳарбий хизматчи