Тўйнинг низомини ким ёзаяпти?

"Тўй" сўзининг луғавий маъноси миллий қадриятимизга бориб тақалиши табиий, бу ҳақда деярли барча луғатларда изоҳ берилган. Ёш тўйи, мучал тўйи, никоҳ тўйи ва ҳоказо. Аммо шу пайтгача ҳаётда сақланган бўлса-да, қоғозда, яъни норма сифатида тўйнинг низоми ёзилмаган. Шунинг учун ҳам уни ҳар ким ўзича ўтказяпти.

Менинг хавотирим шундаки, маҳалла ҳам, жамоатчилик ҳам, айниқса зиёлилар ҳам, ҳатто ҳокимият ҳам ўзини четга олиб турган бир пайтда, "тадбиркор"лар тўйнинг низомини аллақачон яратиб бўлишди.

Тўғри, у қайсидир жамоада муҳокама қилинмаган, қабул қилинмаган, имзоланмаган, лекин бу низом талабларини бажармасдан иложингиз йўқ.

Мисол учун…

Тўй ўтказмоқчи бўлган фуқаро тўйнинг кунини ҳам белгилаш ҳуқуқидан маҳрум. Чунки аввал тўйхона эгаси ва санъаткорнинг розилигини олиш керак. Бинобарин, у қанча меҳмон айтиши ва дастурхонга нималар қўйилишини ҳам ҳал қилолмайди. Чунки тўйхоналар ҳажми (ўзлари айтгандай "обороти")га қараб меҳмон чақиришга мажбур. Меҳмон жон бошига қўйиладиган таом ва ижара пули миқдорини ҳам тўйхона эгаси белгилаб беради.

Тўйчи тўйни бошловчини тайинлай олмайди, уни санъаткорлар ўзи билан бирга олиб келади.

Тўйнинг ярми ўтганда эшикдан кириб келадиган таниқли санъаткорни тўй эгаси тўхтата олмайди: "бирров" келувчи бундай ҳофизларни махсус "ташкилотча"лар даврага мажбуран олиб киришади. Бундан ташқари, даврага мажбуран кирадиган европача ва миллий рақс ижрочилари ҳам бор. Тўйчи эса меҳмонларнинг олқиши-ю ҳайратидан кейин ҳар бир келган "бирров"чига 100-200 доллардан бериши шарт.

Дарвоқе, эртага тўй деган куни, келиннинг эшигида ҳеч кимдан сўрашмасдан "ҳожатбарор"лар пайдо бўлади. Улар дарвоза олдига шар ўрнатишади, тўшак тўшашади, гуллар билан безаб, карнай-сурнай чалишади, келинни никоҳ кечасига олиб боргунга қадар олиб юрувчи машиналарни келтиришади. Бу масалада ҳам тўйчи акамиз ҳеч нарса қилолмайди. Негаки — "қоида" шундай. Эътироз билдиргудек бўлса, хотин-халаждан балога қолади.

Хуллас, битта саволга жавоб қоляпти: тўйчининг нима ҳуқуқи бор ўзи?

Келинг, лўнда қилиб айта қолайлик — унинг фақат харажатлар пулини тўлаш ҳуқуқи бор. Бошқаси аллақачон "тадбиркор"лар қўлига ўтиб бўлган.

Мен кўрганларим, кузатганларимни ёздим. Сиз нима дейсиз, азизлар?

Фармон Тошев.