Трамп Гренландия бўйича келишувни эълон қилди ва божлардан воз кечди — энди гренландияликларга 1 миллион доллардан таклиф қилиниши мумкин

АҚШ президенти Дональд Трамп ва НАТО бош котиби Марк Рютте Гренландия бўйича келишувнинг рамкавий шартлари юзасидан келишувга эришдилар. Шу муносабат билан Трамп унинг режаларига қарши чиққан давлатларга нисбатан оширилган божларни жорий этишдан воз кечишини маълум қилди.

Гренландия атрофидаги баҳс доирасида эришилган рамкавий келишув келажакдаги битим учун асос бўлади. У Даниянинг автоном ҳудуди ҳисобланган орол ҳамда бутун Арктика минтақасига тааллуқли. Бу ҳақда Дональд Трамп 21 январь, чоршанба куни Truth Social ижтимоий тармоғида хабар берди. Унинг таъкидлашича, муросага НАТО бош котиби Марк Рютте билан бўлиб ўтган «жуда самарали учрашув» давомида эришилган.

Кейинроқ Трамп журналистларга бу келишувни «узоқ муддатли, ҳатто абадий» деб таърифлади.

Аввалроқ АҚШ президенти 1 февралдан Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финландиядан олиб кириладиган товарларга 10 фоизли бож жорий этиш режасини эълон қилган эди. 1 июндан эса мазкур божлар Гренландия бўйича келишувга эришилмагунча 25 фоизгача оширилиши кўзда тутилган эди.

Шу билан бирга, Трамп Гренландия атрофидаги вазият доирасида АҚШнинг «Олтин гумбаз» ҳаво мудофааси тизими масаласи ҳам муҳокама қилинаётганини билдирди.

НАТО бош котиби Марк Рютте ҳам Гренландия бўйича рамкавий келишув мавжудлигини тасдиқлади. У Давосда ўтаётган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида бу маълумот «тўлиқ ҳақиқат» эканини айтди, бироқ музокаралар давом этаётганини таъкидлаб, қўшимча тафсилотларни очиқламади.

Оммавий ахборот воситаларига кўра, Дональд Трамп Гренландия аҳолиси АҚШга қўшилишни қўллаб-қувватлаган тақдирда, ҳар бир фуқарога 1 миллион доллардан таклиф қилиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Гренландия аҳолиси тахминан 57 минг кишини ташкил этади.

Гренландия — Дания таркибидаги автоном орол бўлиб, ички сиёсатда ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга. Дания ҳукумати оролнинг АҚШга қўшилишига қарши чиқмоқда. Давосдаги чиқишида Трамп АҚШдан бошқа ҳеч бир давлат Гренландия хавфсизлигини таъминлай олмаслигини таъкидлаб, уни сотиб олиш бўйича зудлик билан музокаралар бошлашга чақирган.