Трамп Оқ уйда Нетаньяху билан учрашди ва Ғазо бўйича режа тақдим этди

Кеча, 29 сентябр куни АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни қабул қилди. Бу 2025 йил январь ойида президентликка киришганидан бери Исроил раҳбарининг Вашингтонга тўртинчи ташрифи бўлди.

Трамп Нетаньяхуни кутиб олар экан, яқин вақтда тинчликка эришиш имкониятидан «ишончли» эканини таъкидлади. Вашингтон бундан олдин қатор араб давлатларига 21 банддан иборат режани тақдим этган эди. АҚШ раҳбари музокараларда Исроил бош вазирини мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашга ундади.

Режага кўра, Ғазода ўт очиш тўхтатилади, барча гаровдагилар озод қилинади ва босқичма-босқич Исроил қўшинлари анклавдан чиқарилади. Ҳудудни араб ва мусулмон мамлакатлари иштирокидаги барқарорлаштирувчи кучлар назорат қилади. ҲАМАС эса сиёсий жараёндан четлатилиши лозим. Шу билан бирга, аҳолини мажбурий кўчириш режаси назарда тутилмаган.

Шунингдек, Трамп режаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
Исроил Ғазони босиб олмайди ва аннексия қилмайди
✹ Ғазо «терроризмдан холи, қўшниларга таҳдид солмайдиган ҳудуд» сифатида белгиланади.
✹ Исроил ушбу келишувни очиқ қабул қилганидан сўнг 72 соат ичида барча гаровдагилар — тирик ва ҳалок бўлганлар — қайтарилади.
✹ Барча гаровдагилар озод қилингач, Исроил умрбод жазо олган 250 маҳбусни ва 2023 йил 7 октябридан кейин қўлга олинган 1700 фаластинликни озод қилади.
✹ АҚШ Исроил ва фаластинликлар ўртасида сиёсий ечимга эришиш, тинч ва фаровон ҳамжиҳатликка эришиш мақсадида мулоқотни йўлга қўяди.
✹ Агар томонлар ушбу таклифни қабул қилса, уруш дарҳол тўхтайди.

Трамп матбуот анжуманида Нетаньяху режани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. ҲАМАС эса ўз баёнотида АҚШ таклифини расман олмаганини ва шартларига рози эмаслигини маълум қилди. Ҳаракат вакили Таар А-Нуну Al-Araby нашрига берган интервьюсида уларнинг ягона мақсади урушни тўхтатиш ва маҳбусларни озод қилиш эканини айтди.

Учрашув давомида Нетаньяху Қатар амири Тамим ибн Ҳамад Оли Таний билан телефон орқали суҳбатлашди. Исроил раҳбари 9 сентябрда Қатар ҳудудига берилган зарба ва унинг оқибатида ҳалок бўлган қатарлик хавфсизлик офицери учун узр сўради. Эмир музокараларда воситачиликни давом эттириши кутилмоқда.

Ўтган ҳафта БМТ Бош Ассамблеясида Франция, Буюк Британия ва Канада Фаластин давлатини тан олишини эълон қилди. АҚШ эса бу қарорни қўллаб-қувватламади.