Трамп яна Эронга зарба бермоқда, АҚШ авиабазалари эса Эрон нишонида

Тунда Америка ҳарбийлари Эрон ҳудудидаги нишонларга янги зарбалар беришни бошлади. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) хабар қилди. Ҳужум 4 соат давом этган.

CENTCOM маълум қилишича, ушбу зарбалар Эроннинг «асоссиз ва давом этаётган тажовузи»га жавоб ҳисобланади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакатнинг камида олти ҳудудида портлашлар содир бўлган. Кейин қўмондонлик белгиланган нишонларга қилинган ҳужумлар якунланганини маълум қилди.

Янги операция минтақадаги вазият кескинлашганидан кейин бошланди. Бундан аввал Форс кўрфази ҳудудида Америка ва Эрон кучлари ўртасида ўзаро зарбалар алмашинуви амалга оширилган эди. Шундан сўнг АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.

Жавоб тариқасида Теҳрон Яқин Шарқдаги Америка объектларига қарши операция бошланганини эълон қилди. Эрон томонига кўра, зарбалар АҚШнинг Қувайт, Баҳрайн ва Иорданиядаги ҳарбий базаларига берилган. Америка томони эса ракеталар ва дронларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинганини маълум қилди.

Шунингдек, Эрон дунё нефть ва газ савдосининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланган Ҳурмўз бўғозини ёпганини айтди. Мамлакат ҳукумати қуролли кучлар тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилганини ва АҚШ томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай янги ҳужумга зудлик билан жавоб беришга тайёрлигини билдирди.

Бу орада Ливан жанубидаги Эн-Набатия шаҳри Исроил томонидан кучли артиллерия ўқига тутилди. Исроил Бош вазири Ливан халқига видеомурожаат йўллади, унда Исроил қўшниси билан тинчликка тайёр эканлигини эълон қилди.