Трансформатор ўрнатиб бериш учун қишлоқ аҳолисидан 1000 доллар талаб қилган электр таъминоти корхонаси мансабдорлари аниқланди
ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида Жомбой тумани электр таъминоти корхонаси мансабдор шахслари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб келаётганлиги аниқланди.
“2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида жорий йил бошида туманнинг Ғазира ва Юқори Ғазира қишлоқларига иккита ТП ўрнатилиши лозим бўлган.
Электр таъминоти бўлими ходимлари қарорга зид равишда, мазкур қишлоқларга ўрнатилиши керак бўлган ТПни бошқа, Наврўзтепа ва Гаровтепа қишлоқларига ўрнатиб беришган ва бунинг эвазига ташкилот мансабдорлари мазкур қишлоқда яшовчи фуқаролардан 1000 АҚШ доллари миқдорида пулни олиб, ўз моддий манфаатлари йўлида сарфлаб келган.
Ҳозирда туман элэктр таъминоти корхонаси собиқ директори Х.Ш. ва корхонанинг амалдаги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.