Транспорт бошқармаси автобуслар қисман ёқилғи билан таъминланаётганидан хабар берди ва такси ҳайдовчиларини йўлкира ҳақини оширмасликка чақирди

Кейинги кунларда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида чекловлар ўрнатилди. Бу ўз навбатида шаҳар жамоат транспорти ҳаракатида ҳам тўхталишларга сабаб бўлди.

"Ваколатли органлар билан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида шаҳар автобус йўналишларида ҳаракатланувчи транспорт воситалари қисман ёқилғи билан таъминланди.

Бугун, 16 январь куни Самарқанд шаҳар жамоат транспорти йўналишларида ҳаракатланувчи автобусларнинг 30 фоизи йўловчилар хизматига чиқарилди. Вазиятдан келиб чиқиб, оралиқ интервалларни чўзилиши, баъзи йўналишларда автобус етишмаслиги юзага келганлигини билдирамиз.

Бошқарма йўловчиларга транспорт хизматини кўрсатувчи йўналишсиз такси ҳайдовчиларини йўлкира нархларини кескин оширмасликка чақиради", дейилади вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати хабарида.