Транспорт хизмати: сони кўп, сифати паст
Бу хатти-ҳаракатлар майли, тушунса бўлади. Шундай қилмаса, нонсиз қолишади - машина кўп, рақобат кучли. Кишини бошқа нарса ўйлантиради. Хизмат маданияти жуда паст. XXI аср тараққиёти мезонларига мутлақо мос келмайди. Айрим ҳайдовчиларнинг кийиниши, ўзини тутиши, жамоат жойи бўлишига қарамай, оғзидан боди кириб, шоди чиқиб, бақиришини кўрган кишининг таъби хира бўлади. Ана шундай дид-фаросат билан энди йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат, муомала маданияти қандайлигини тасаввур қилаверинг.
Мақсадга кўчсак, турмушимиз фаровонлашиб, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш турлари кўпайиб бормоқда. Ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий автоуловлар йўналишлари кенгаймоқда. Йўлга чиққан заҳотингиз автобусми, енгил машинами, манзилингизга бир зумда етказиб қўяди. Бу масалада уларга эътироз йўқ. Аммо... Аммо юқорида куйиниб айтганимиздек, уларнинг сони кўпу, хизмат маданияти талаб даражасида эмас.
Хўш, ўша хизмат маданияти деганимиз нима ўзи ва у қандай бўлиши керак?
Менимча, энг аввало, аҳолига хизмат кўрсатадиган транспорт ҳайдовчилари фаолият билан шуғулланиш учун рўйхатдан ўтиб, рухсат олишлари олдидан кийиниш, муомала маданиятига ўқитилса, сўнгра барча ҳайдовчилар (автобус, такси ҳайдовчилар, якка тадбиркор киракашлар) махсус ягона форма билан таъминланса, бугунги гўзал шаҳар ва қишлоқлар ҳаётига қандай ярашарди.
Бундан ташқари, шоҳ бекатларда йўловчилар учун кутиш, дам олиш заллари бўлса, уларда худди аэропорт, темирйўл вокзалларидаги каби йўналишлар, қатнов графиги, чипталар нархи ёзиб қўйилса, газета-журналлар киоскаси, тамаддихона ва бошқа маданий-маиший хоналар ишлаб турса, нур устига аъло нур бўлмасмиди?!
Менимча, шаҳар, туман ҳокимликлари, аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи ташкилотлар, жамоалар, жамиятлар мутасаддилари биргаликда бу маданиятга жазм қилсалар, муаммони ҳал қилиш қийинчилик туғдирмайди.