(Туман)га газета керак
"Бугунги замонавий ахборот асрида-я? Қўлимиздаги телефонда ҳамма янгилик, гап-сўз кўриниб, дунёнинг нафаси сезилиб турибдику", дейишга шошилманг. Қавс ичига балки “вилоят”, бирор соҳа ёки тармоқ, балки ўзингиз истаган ҳудудни ҳам қўйиб олишингиз мумкин. Буниси сизнинг газета билан нечоғлик танишлигингиз, газета ўқишингиз ва таҳририятлар, уларда фаолият кўрсатаётган ижодкорлар меҳнатига қандай баҳо беришингизга боғлиқ.
Сарлавҳани бундай номлашимизга (хабар берганимиздек) Пахтачи туманининг “Пахтачи” газетаси ташкил этилганининг 90 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирлар туртки бўлди.

Бу нашр ҳам бошқа кўплаб газеталар қатори собиқ тузум даврига аҳолига ахборот етказиш (чунки ўша пайтда бошқа оммавий ахборот воситаси бўлмаган), партия ғояларини тарғиб этиш ва мафкура тарғиботчиси сифатида ташкил этилган. Номи ҳам (“Учқун”) ўша даврга мос бўлган, албатта. Газета дастлабки пайтларда район партия қўмитаси биринчи котиби А.Ширинхўжаев раҳбарлигида чоп этилгани ҳам унинг қанчалик муҳим “қурол” бўлганини кўрсатади. Унда кичик бир туманнинг барча ҳудудлари ва соҳаларини қамраб олишга ҳаракат қилинган. Масалан, газетанинг 1935 йилдаги 10-сонида 51 муаллиф имзоси билан 60 та хабар берилган. Албатта, бу материаллар жуда катта, салмоқли эмас, тўрт-беш сатрдан иборат бўлган. Ушбу хабарларни фақатгина таҳриятнинг 10-15 нафар ходими ёзмаган, жамоатчи мухбирлар (уларни ишчи-деҳқон мухбирлари ҳам деб аташган) – ўқитувчи ва ўқувчилар, колхозчилар, турли касб эгалари йўллаб турган, худди ҳозиргидек истаган одам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида турли хабарларни, атрофидаги воқеа-ҳодисаларни бериб бораётгани каби. Лекин улар бугунгидек “лайк” йиғиш, обуначиларини кўпайтириш учун ёлғон-яшиқ, “олди-қочди” хабарларни тарқатмаган, жамият учун, умумманфаат учун зарур бўлган маълумотларни ёзган.
Таъсис этилган йили газета 1200 нусхада чоп этилган экан. Бугун - орадан 90 йил ўтиб, “Пахтачи” газетаси 1700 нусхада чиқмоқда. Ўсиш “юқори”-я? Газета муассиси – туман ҳокимлиги масъуллари таҳририятни қўллаб-қувватлаб, келгуси йилда унинг адади кўпайишини айтишди.
Газетанинг босма нусхаси кам бўлса ҳам унинг ижтимоий тармоқлардаги “Muhim24.uz” номи билан юритиладиган саҳифаларини кузатувчилар, обуначилари умумий сони 70 мингдан ошади. Ана шу минглаб кузатувчига нафақат Пахтачи тумани ҳаёти, балки республикамиз ва хориждаги воқеа-ҳодисалар ҳақидаги ахборотларни, жамиятдаги нуқсон ва иллатлар ҳақидаги таҳлилларни туну-кун, ҳозирги тил билан айтганда, 24/7 режимида узатиш газета таҳририятининг 10 нафарга яқин ходими ва улар атрофига жамланган журналистикага ҳавасманд ёшлар томонидан тарқатилади. Бу материаллар фақат мақола тарзида эмас, видеолавҳа, видеошарҳ, аудиохабар шаклида берилмоқда. Таҳририят ходимлари бугун “газетчи”, телебошловчи, репорётр, монтаж устаси, ўз ўрнида, сунъий интеллектдан фаол фойдаланувчи.
Уч йил олдин таҳририят қошида “Келажак журналистлари” тўгараги ташкил этилган эди. Бугунги кунда тўгарак республика бўйлаб 50 нафардан ортиқ ёшни бирлаштирган ҳолда онлайн тарзда ишламоқда. Яна кўплаб ёшлар таҳририятга келиб, тажрибали журналистлардан касб сирларини ўрганяпти ва жамоада ўзига хос ижодий мактаб шаклланмоқда.
– Бугун ахборот асрида хабар ва янгиликлар интернет орқали сониялар ичида бутун дунёга тарқатилаётган бир пайтда босма оммавий ахборот воситаларини нашр этиш ва тарқатиш осон кечмаяпти, – дейди “Пахтачи” газетаси муҳаррири Санжар Қурбонов. – Одамлар газетани ахборот етказувчи восита, деб қабул қилган ва шунинг учун бугун ижтимоий тармоқлар оммалашгач, бу вазифасини бажара олмай қолди. Лекин жамият ҳаёти, воқеа-ҳодисаларга нисбатан аҳоли фикрини шакллантириш, турли муаммоларни таҳлил қилиш, танқид орқали ечим таклиф қилиш функциясини йўқотган эмас. Биз бугун газетамиз фаолиятини шу каби талаблар асосида ташкил этяпмиз, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизни газета орқали тарғиб қиляпмиз. Газета ўз вақтида обуначи қўлига тегиши учун курьерлик хизмати ташкил эдик, яъни газетамизни босмахонадан келган заҳоти ўзимиз тарқатамиз. Газетани бир ҳафта – ўн кунда чоп этсак ҳам туман ҳаётига доир хабарларни ҳар куни, воқеа-ҳодисаларни ўша пайтнинг ўзида кузатувчиларимизга етказамиз. Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида 2020 йилда қуриб берилган "Матбуот уйи"да видеолавҳаларни суратга олиш, монтаж қилиш учун зарур шароит қилиб олганмиз. Имкон қадар сўнгги русумдаги фотоаппарат, камера ва бошқа компьютер техникалари олганмиз, буларсиз иш олдинга кетмаслигини яхши биламиз. Ўзимизнинг имкониятимиз етмаганда туман ҳокимлиги ёрдам беряпти. Чунки биз туманнинг асосий оммавий ахборот воситаси сифатида, аввало, Пахтачи ва пахтачиликлар манфаати учун хизмат қиламиз, туман ҳокимлигининг бу борадаги ишларини ёритамиз, оқсаётган ёки муаммолар тўпланиб қолган соҳаларни танқид қилиш орқали туман раҳбариятига йўналишни тўғри олишга кўмаклашамиз. Туманимиз раҳбарлари буни яхши тушунади ва шунинг учун ҳам бизни доим қўллаб-қувватлайди.

Ҳа, газета ташкил этилганининг 90 йиллигини муҳим сана сифатида нишонлаш ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакилларини Пахтачига таклиф этиб, ўзаро тажриба алмашишга имконият яратиш, таҳририятнинг собиқ ходимлари ҳамда бугунги жамоаси меҳнатларини эътироф этиш ҳам муассиснинг эътибори, қўллаб-қувватлаши натижаси, албатта.
Туманда яқинда иш бошлаган ҳоким Қаюм Хушбоқов бошқа соҳалар қатори газета таҳририяти билан ҳам яқин ҳамкорликда ишлаётганини қайд этиб, газета ижодкорларини жамиятнинг юзи, туманнинг энг илғор зиёлилари сифатида эътироф этди. Шу таҳририятда меҳнат қилиб, туман ижтимоий ҳаётида фаол қатнашган ижодкорларга миннатдорлик билдирди, уларга ҳокимлик томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.
– Қирқ йилдан ортиқ вақт газета таҳририятида ишлаб, оила тебратдим, элга танилдим, озми-кўпми туманимиз ривожига ҳисса қўшдим, – дейди меҳнат фахрийси Иззатулла Норқувватов. – Пенсияда бўлсам-да, ҳозир ҳам тез-тез таҳририятга келиб тураман, ёшларнинг иш жараёнларини кузатиб, уларга ҳавас қиламан. Бугун журналистика соҳасида ишлаш осон эмас, лекин қанийди ёш бўлиб қолсам-у улардек жўшиб ишласам, дейман.

“Пахтачи” газетасида фаолият кўрсатган ва айни пайтда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, пахтачининг фидойи фарзанди Исмат Санаев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров ва бошқалар туман билан бир вақтда ташкил этилган “Пахтачи” газетасининг қарийб бир асрлик йўли ҳақида гапириб, бугунги жамоа ишига муваффақият тиладилар.
Ғолиб Ҳасанов.
Ҳусан Элтоев (суратлар).