Туркистон миллий кураши тарихи - яқин ўтмишимизнинг энг мураккаб даври ҳақида қимматли манба
Ҳар қандай миллий маданиятнинг юксалишида миллатнинг буюк ўтимиши билан фахрланишга хизмат қиладиган миллий руҳ муҳим аҳамиятга эга. Аммо мустақилликкача бўлган даврда миллий тарихни миллий руҳ билан ўрганиш имконини бермади, тарихимизни бир тарафлама, салбий нуқтаи назардан ўрганиб келдик.
Хусусан, миллий озодлик ҳаракатини “босмачилик ҳаракати” деб баҳолангани бунга яққол мисол. Туркистонда миллий озодлик ҳаракати иштирокчиларининг кураши советлар томондан босқинчилик ҳаракати сифатида баҳоланиб, уларга қарши кескин кураш олиб борилди, сиёсий қатағон қилинди.
Ушбу ҳаракатни миллий озодлик кураши сифатида ёритган асарлардан бири Боймирза Ҳайитнинг 1997 йилда Туркияда нашр қилинган “Босмачилар: Туркистон миллий кураши тарихи” номли китобидир. Асар тарихчи олим Рустамбек Шамсутдинов ва Шаҳзодбек Болтабоевлар томонидан таржима қилиниб, нашр этилган.
Бугунги кунда қай бир мамлакатнинг тараққиёт йўли илм-фан ютуқларига асосланган бўлса, ўша мамлакат ривожланишда илгарилаб кетганининг гувоҳимиз. Фан фаолияти жамият тараққиёти учун хизмат қиладиган илмий қонуниятларни очиб беради. Жамият тараққиётига хизмат қиладиган қонунларни очишда тарих фани муҳим аҳамиятга эга. Тарих фани мавжуд ижтимоий муаммоларни англаб олиши ва уларни бартараф этиш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиши лозим. Тарихчилар буни миллий руҳ билан тарихийлик тамойили асосида таҳлил қилиб, уларни келтириб чиқарган сабабларни топишда ва бартараф қилиш борасида хулосаларини беришлари керак.
Ватанимиз тарихини холисона ва ҳаққоний ёритиш, истиқлол ва озодлик учун жонини тиккан аждодларимизнинг ҳаёт йўли – мардона курашлари, тақдирларини билиш, англаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-мафкуравий қиёфасини тиклаш, бор ҳақиқатни адолат билан авлодларга етказиш муҳим, шу билан бирга шарафли ва хайрли ишдир.
Китоб муаллифи Боймирза Ҳайит юқорида айтилган чигал дамларнинг гувоҳи ва бевосита иштирокчиси бўлган, шу жараёнлар ичида яшаган. Шу сабабдан “Босмачилар”: Туркистон миллий кураши тарихи” мамлакатимизнинг яқин ўтмишдаги энг мураккаб даври ҳақидаги қимматли манба ҳисобланади.
И.САИДОВ,
Ф.НАБИЕВ,
Ш.ҒАФФАРОВ,
Шароф Рашидов номидаги СамДУ профессорлари.