Турмуш чорраҳаларида: Сабоқ

Мансур Тўрабек билан неча йиллардан бери мўмай даромад илинжида четда сарсон-саргардон. Эҳ-ҳе, қанақа ишларни бажаришмади, не-не азоб-уқубатларни кўрмади, дейсиз?
Аммо “Қаерни қилма орзу, бордир тошу тарозу”, деганлари рост экан. Бири икки бўлмади. Пулни хазондай супуриб оламиз, деган хаёллари пуч бўлиб чиқди.
Мансур беҳуда ўтган умрини хаёлидан ўтказар экан, уйқуси қочди. “Узоқдаги дондан яқиндаги сомон яхши”, дейишади. Қишлоққа қайтиб, бирор ишнинг бошидан тутсаммикан? Тўрабек икки йил олдин касал орттириб, қишлоққа қайтувди. Соғайиб кетдимикан? Нима иш қиляпти экан?..
Мансур охирги марта уч йил олдин келиб кетганди. Юрагини юрт, оила, болалар соғинчи ўртади: “Бориб келмасам бўлмайди!”.
Мансур бу гал қишлоққа келгач, ҳол-аҳвол сўрай деб қадрдони Тўрабекни йўқлаб борди. Дўсти уйда экан, қучоқ очиб кутиб олди.
- Соғайиб кетдингми, жўра? - Мансур зимдан Тўрабекка разм солди. Кайфияти чоғ, кўзлари турмушдан мамнунликдан чақнайди. Икки йил аввал ўпкаси шамоллаб, қишлоққа қайтган хаста йигитга асло ўхшамайди.
- Раҳмат, жўра, ўзинг қалай, мусофирчиликда «ит ётиш мирза туриш» қилиб юрибсанми? - ҳазиллашди Тўрабек Мансурни қучиб. – Қани, ичкарига кирайлик, - Тўрабек меҳмонни уйига бошлади.
- Уҳ-ҳу, иш зўр-ку, иссиқхона қурдингми?
- Ҳа, жўра, иссиқхона қурдим, кириб кўрасанми, марҳамат!
Мансур қиш бўлишига қарамай, ғарқ пишган помидор, бодрингларни кўриб, анграйиб қолди: “Наҳотки Тўрабек шу ишнинг уддасидан чиққан бўлса?!”.
- Эй, жўра, хазина оёғимиз остида экан-ку, чет элларда қидириб, улоқиб юрган эканмиз. Давлатимизга раҳмат, ишлайман деган одамларга ҳамма шароит яратиб бериляпти. Кредит керакми, кўчат керакми, муҳайё. Маҳаллага мурожаат қилгандим, кредит ажратишди, иссиқхона қуришни маслаҳат беришди. Бола-чақа билан ишга киришдик. Ўтган йилиёқ илк даромаддан машина олдим. Бу йил насиб этса, келин тушириб, ўғилнинг контрактига тўлаймиз. Хўш, ўзинг қалайсан, қишлоққа қайтиш ниятинг йўқми?
- Ҳозирча бир қарорга келганим йўқ, қайтсам иш топаманми, йўқми? - Мансур хўрсинди.
- Топасан, жўра, топасан, мана, мен ёрдам бераман! Истасанг, ҳозир маҳаллага борамиз. Хоҳласанг, паррандачиликка, хоҳласанг, чорвачиликка, хоҳласанг, иссиқхонага кредит олиб беришади.
- Йўғ-э, ростданми? - Мансур ишонқирамай сўради.
- Рост! Кетдикми?
- Кетдик! - кўп йиллардан буён ўзга юртда косаси оқармаган Мансур хурсанд бўлиб, Тўрабекка эргашди.
Тоғаймурод Шомуродов.