Мукофот муборак бўлсин, Суюндик бобо!

Навоийлик Суюндик Мустафо Нуротоий сайтимиз ва «Зарафшон» газетасининг фидойи обуначиларидан. Отахон ижодкор Президентимиз Фармонига кўра, «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
Биз, таҳририят ходимлари Суюндик отани ушбу юксак мукофот билан қутлаб, ижодий ишларига омад тилаймиз.
Қуйида Суюндик Мустафо Нуротоийнинг ҳаётий ҳикояларидан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
***
ОТ ҲАМ ЙИҒЛАЙДИ
Қодир чавандоз тўқсондан ошиб, юзга юзланганда ҳам от-у кўпкари ҳақида айтганларидан адашмай, жўшиб юрди. Оқтов чобарасида у кишидек сўзидан адашмаган яна ким борлигини эшитмаганман. Алқисса, деганларидан ололганча олганман:
Колхоз вақти денг. Қирқ бешинчи йиллар. Ғалла авж, от авж. Ўн икки-ўн уч ёшли болалармиз. Тенги тўшимиз билан ёз – уч ой эгардан тушмай хирмон янчамиз. На тиним бор, на қўним. Йигитларнинг сараси фронтда. Иш ҳам, ташвиш ҳам бизга, яна хотин-халажга қолган. Бошга тушганини кўз кўради, деганларидек, толмаймиз ҳам, чарчаш нималигини билмаймиз ҳам. Болалик экан, отнинг устига миниб ёлини бир силасак, ё бир лўкиллатиб суғориб келсак, чарчоғимиз ёзилиб, чиройимиз очиларди-кетарди.
Одамлар ҳам, отлар ҳам зўр эди. Қўшда ҳам от, хирмонда ҳам от денг. Беминнат жониворнинг ўзи бир хазина эди-да... Хуллас, бир куни чарчагандан чарчадик. Отлар чўзилиб, ҳўпчилар (хирмон янчувчилар) тимтик бўлди. Хирмон бегимиз Сафарбой бобо ишораси билан тўхтаб, отларни чорга (буғдой саралангандан кейин қоладиган қолдиқ) қўйдик. Улар лабларини узун чўзиб, сувлиғини шиқиллатиб эмишга тармашди. Мен хирмонга бошимни қўйиб, чалқанча ётганча отларни кузатаман. Бир вақт денг улар бирин-кетин бошини силтаб кўтариб қиблага бурилишди. Оғзидагини ҳам чайнамай не вақт донг қотиб турди. Ҳушёр тортдим. Савол сўрагандай бўлиб, хирмон бегига қарадим:
– Бобо, нима бўлди?
– Ўтаканг ёрилмасин, биров келаётгандир-да.
– Қани?
– Ҳанови чўп товоқни ол-да, тескари қўйиб қулоқ тут. Келаётганни қулоғинг “кўрсатади”.
Ишониб-ишонмай айтганини қилдим. Воқеан, узоқдан чопиб келаётган туёқ товуши равон эшитилар эди. Кўп ўтмай бир қора кўринди. Танидик. Қаюм мол дўхтир. Қўлида белбоғи, боши узра азот айлантириб жар солиб келаётир:
– Уруш тугади, оғайин, уруш тугади! Суюнчингни қўйнингдан ол, уруш охир бўлди, оғайин!..
Хурсандчилик ҳам қизиқ бўлар экан. Ўрнимиздан дув туриб, жой-жойимизда ҳайкалдай қотиб, анграйиб қолганмиз. Сафарбой бобо икки қўлини кўкка чўзганича, кўзидан жавлаб оқаётган ёшни сидирмайди ҳам, атрофга қарамайди ҳам. Ирғалиб-ирғалиб, чайқалиб-чайқалиб, шилқ-шилқ йиғлайди...
Отлар адрайиб қолди. Кавшаб турган чори лабларидан оқиб, қулоқлари тимтик бўлди, кўзларидан жовдираб ёш томчилади. Бедовда фаросат бўлади, дейилиши бежиз эмас экан. Мана, биз гувоҳ, отни одамга қўшилиб рўй-рост йиғлаганини кўзимиз билан кўрдик...
Шукрки, бу кўзёшлар хурсандчиликдан эди. Бола эмасмизми, бир фурсат ўтиб, бир-биримизга жўр овоз бўлиб, бир-биримиз билан қучоқлашиб, бор кучимиз билан бақира бошладик:
– Ур-ре-е-е, у-ру-ш тугади-и-и-и!..