Энг ёмон ўлим...

У пайтлер Саодат асри замонлари эди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккаи мукаррамада ислом динини тарғиб қила бошлаган эдилар.
Бу хабар Ясриб, яъни Мадинаи мунавварага ҳам етиб келган, шу ерлик бир шоир янги динга қизиқиб қолади. Йўл тайёргарлигини кўриб, Маккага қараб туясида йўлга тушади. Ўн кун йўл юриб, ҳориб-чарчаб, Маккага кириб келади. Макка мушриклари унинг мусофирлигини билиб, сўраб-суриштиришади.
У: "Маккадан Муҳаммад деган киши чиқиб, одамларни янги динга даъват қилаётган экан, у билан учрашиб, маъқул бўлса динига кирмоқчи эдим", дейди.
Мушриклар унинг қарорига қарши бориб, шоирни шундай саволлар билан гапга тутадилар: "Хамрга (ароққа) қандоқ карайсан?"
Яхши қарайман, хамр шоирларнинг илм булоғи-ку.
- Эшиги тепасига қора байроқ қадаб, ўзига чорлайдиган фоҳишаларга ҳушинг қандай?
- Ҳамма эркаклар қатори.
- Рибога-чи?
- Рибосиз бу дунёда яшаб бўларканми?
- Қиморга нима дейсан?
- У эркакларнинг ўйини.
- Унда иккала қулоғинг билан яхшилаб эшитиб ол, Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дини шуларнинг барига қарши, уларни ҳаром қилган. Аҳмоқ одамгина шундай роҳат-фароғатдан воз кечиши мумкин, тўғрими?
- Шунақами, унда мен, ҳеч бўлмаса, яна бир йил ўйнаб кулиб, маза қилиб олай, ундан кейин Муҳаммадга (алайҳиссалом) рўбарў бўларман, - дейди ва орқасига
қайтади.
Аммо ўн кунлик йўлдан юриб келган туяси ўн қадам ҳам юрмай, текис йўлда қоқилади. Эгаси ерга учиб тушади ва шу заҳоти жони узилади.
Бундан хабар топган Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Бу қандай ёмон ўлим», дейдилар.
"Саждада ором бор" китобидан.