Тутда мактабгача таълим қамрови 85,1 фоизга етди

Жомбой тумани, Тут маҳалласида янги бунёд этилган 17-давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамда фаоллар қатнашди.
– Янги муассасамизда 1 миллиард 400 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди мактабгача таълим бўлими мудири Д.Облоқулова. – 4 та машғулот, 1 та қисқа муддатли гуруҳ хонаси, 4 та ётоқхона ва 1 та овқатланиш бўлими болажонлар ихтиёрида бўлади. Шунингдек, мудира, ҳамшира ва тарбиячилар учун ҳам алоҳида хоналар ажратилган. Қисқа муддатли гуруҳ билан қўшиб ҳисоблаганда ҳуддуддаги 3-7 ёшли 150 нафар болаларни мактабгача таълимга қамраш имкони яратилди.
Дарҳақиқат, муассасада барча замонавий имкониятлар мавжуд. Ҳовлида болалар ўйин майдончаси, атракционлар ҳамда ёзги айвон ҳам ўрнатилган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Тут маҳалласида 411 нафар боғча ёшидаги бола истиқомат қилади. Уларнинг таълим билан қамраб олиш даражаси 85,1 фоизни ташкил этмоқда.
Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қатнашди ва иштирокчиларни янги муассаса ташкил этилиши билан табриклади.
Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.