UFC чемпиони Тошкентда: Ҳабиб  ўзбек спортчиларига қимматли маслаҳатлар берди

1 декабрь куни UFC бўйича мутлақ жаҳон чемпиони, таниқли жангчи, россиялик Ҳабиб Нурмагомедов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида бўлди.

Таниқли спортчи даставвал МОҚ музейини томоша қилиб, ўзбек спортининг шонли тарихи билан танишди.

Шундан сўнг меҳмон иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

– Ўзбекистонлик спортчиларга йирик жанглар олдидан тўғри тайёргарлик кўриш бўйича қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Аралаш жанг санъатида бўлажак баҳсга тайёргарлик кўришдаги энг яхши йўл – спарринг жангларини тўғри ташкил қилиш. Бунда керак бўладиган барча қўшимча инвентарлар, спарринг рақибни тўғри танлаш катта аҳамиятга эга. Боиси, бу бўлажак жанг аввалида жароҳат олмаслик каби салбий жиҳатларнинг олдини олади. Шунингдек, унгача бўладиган воқеликларда ҳам ўзини бошқара олиш муҳим аҳамиятга эга. Катта жанглар олдидан ОАВ ва бошқа томонлардан ташқи босим бўлади. Бунда тўғри йўл танлай олиш ўта муҳим.

– Ўтган йили мамлакатимизда GFC турнири бўлиб ўтган эди. Келажакда яна бу каби турнирларни ташкил қилиш режаси борми?

– Албатта, бизда бу борада катта режа бор. Пандемия сабаб бир қатор режаларимиз амалга ошмаяпти. Яна бир бор айтиб ўтишим мумкин, Ўзбекистонда аралаш жанг санъати ривожи учун катта имконият бор. Ҳар қандай спортчи жанг қилишни орзу қиладиган улкан спорт аренаси, ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши ва бошқа бир қатор омиллар етарли. Эпидемиологик вазият яхшиланса, албатта, биз мухлислар учун бундай кечаларни ташкил қиламиз.

– ММАни Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича қандай иш олиб бориляпти?

– Албатта, аралаш жанг санъатининг Олимпия ўйинларига киритилишини ушбу спорт вакилларининг аксарият қисми қўллаб-қувватлайди. Париж-2024 учун кеч қолган бўлишимиз мумкин. Бироқ 2028 йил Лос-Анжелесда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари дастурига кириш учун ҳаракат бор.

– Ўзбекистонлик спортчилар учун хорижлик мутахассислар билан йиғинлар ташкил қилиш ва тажриба алмашиш қанчалик фойда беради?

– Хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаш ҳамиша ўз самарасини берган. Ўқув-машғулот йиғинлари ҳам юқори савияда ташкил қилинса, албатта, ўз натижасини кўрсатади. Залимиз ўзбекистонлик спортчилар учун доимо очиқ. Ҳозир ҳам бир қатор ҳамюртларингиз у ерда ўз тажрибаларини орттириб келишмоқда.

– Спортдан ташқари қандай хоббингиз бор?

– Кўпчилик қатори футболни алоҳида кузатиб бораман ва қизиқарли ўйинларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Шунингдек, яна бир қатор шахсий қизиқишларим бор.

– Жанговар самбо бўйича икки карра жаҳон чемпиони ҳисобланасиз. Ушбу спорт тури билан шуғулланадиган атлетлар учун қандай маслаҳат берган бўлар эдингиз?

– Жанговар самбо аралаш жанг санъатига энг яқин спорт ҳисобланади. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ушбу спорт ММАга ўтишимга трамплин вазифасини ўтаб берган. Доғистондан бу йил 2 самбочимиз жаҳон чемпиони бўлди. Аввало, ҳар қандай ҳолатда ҳам кучли рақиблар билан машғулот ўташ катта фойда беради. Фурсатдан фойдаланиб, сизларни ҳам Доғистонга таклиф қиламиз.

– Терма жамоа вакиллари учун тартиб-интизом ва кун тартиби қандай аҳамиятга эга? (Илиас Илиадис, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи)

– Аввало, ўз вақтида ухлаш жуда катта аҳамиятга эга. Интизом эса мақсадга қараб келади. Агар ўз мақсадинг йўлида астойдил ҳаракатда бўлсанг, интизомга қаттиқ риоя қиласан. Енгил қарасанг, машғулотларни ўтказиб юборишингга тўғри келади. Чемпионликни мақсад қилдингми, бошқа нарсаларга чалғимасдан, фақат шунга интилишинг керак. Шундай мақсад қўйдингми, жароҳат, кези келганда, қоқилишлар бўлади. Буларни мардона енгиб ўтиш ким эканлигингни кўрсатади.

– Ўзбекистонлик спортчилардан кимларни кузатиб борасиз?

– Охирги Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида боксчиларингиз иштирокини алоҳида кузатиб бордим. Екатеринбургдаги ЖЧда Баҳодир Жалолов, Олимпиадада енгил вазндаги йигитларингиз иштироки ёққан. Умуман, ўзбекистонлик кўплаб яхши спортчилар борлигидан хабарим бор. Спортчи учун қулай шароит яратиб берилса, янги номлар чиқиб келаверади. Ўйлайманки, бу борада мамлакатингизда яхшигина имкониятлар бор. Яқин келажакда янада номдор спортчилар етишиб чиқишига ишонаман.

Тадбир якунида Ҳабиб Нурмагомедов ўзбекистонлик спортчи ва мутахассислар билан ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини билдириб, атлетларимизга омад ва зафарлар тилади.