Украина журналистларга таҳдид қилганларга нисбатан жиноий жавобгарликни кучайтирди

Украина Олий Радаси журналистларга нисбатан содир этилган жиноят учун жиноий жавобгарликни кучайтирувчи қонун қабул қилди. Тегишли қонун лойиҳасини сешанба куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда 341 нафар депутат қўллаб-қувватлади.

Кодекснинг янгиланган қоидалари журналистни, унинг яқин қариндошлари ёки оила аъзоларига ўлдириш таҳдиди, зўравонлик, мол-мулкини талон-торож қилиш ёки зарар етказиш 7-14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш шаклида жиноий жавобгарликни назарда тутади. Журналистни ҳуқуқий касбий фаолияти билан боғлиқ бўлган ўртача ёки оғир тан жароҳати етказиш, буни бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ томонидан такрор ёки олдиндан келишилган ҳолда содир этилганлиги учун жазо тайинланади.

Жиноят кодексининг журналистлар қонуний касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш тўғрисидаги моддасидаги санкциялар ҳам кучайтирилди. Унга биноан журналист томонидан тўпланган, қайта ишланган, тайёрланган материаллар ва касбий фаолиятида фойдаланадиган техник воситаларни ноқонуний олиб қўйилиши маълум миқдорда жарима ёки 6 ойдан 3 йилгача озодликдан маҳрум этишга асос бўлади.

Журналистнинг маълумот олиш ҳуқуқини ноқонуний рад этиш, мавзуларни ёритишни ноқонуний тақиқлаш, алоҳида шахсни намойиш қилиш, ҳукумат субъекти ваколатларини танқид қилишига, шунингдек, ҳуқуқий касбий фаолиятига доир ҳар қандай қасддан тўсқинлик қилишда жазо чоралари кучайтирилди. Бундай ҳаракатларни мансабдор шахс ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этган тақдирда маълум миқдорда жарима ёки лавозимидан четлаштирган ҳолда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланди.