Украина Қрим портларига кирган 32 та кемани ҳибсга олди

Украина суди Қрим портларига кириб келган 32 та кемани норасмий равишда ҳибсга олди. Бу ҳақда Украина бош прокуратураси таркибига кирувчи Қрим мухтор республикаси прокуратураси сайтида хабар берилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу кемалар ярим оролга кириш-чиқиш тартибини бузган ва шу билан Украина суверенитетига путур етказган. Прокуратурада кема эгалари, операторлари ва кема капитанлари бундай ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлашди. Шунингдек, Украина вакиллари ушбу кемаларни қидирувга берилганлар рўйхатига киритиш ва уларни тўлиқ расмий ҳибсга олиш тўғрисида сўров билан Интерполнинг Украина бюросига мурожаат қилишга ваъда беришди.

Аввалроқ Қримга учадиган Россия авиакомпанияларининг 44 та самолёти Украинада расмий равишда ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Ҳибсга олиш, шунингдек, Қрим мухтор республикаси прокуратурасининг расмий илтимосига биноан амалга оширилган.

Қрим 2014 йил март ойида ўтказилган референдумдан сўнг яриморолнинг аксарият аҳолиси қарорни қўллаб-қувватлаган ҳолда Россия таркибига кирди. Украина Қримни истило қилинган, деб ҳисоблайди.