Улар қуёшга тик қарай олади

Таъзияга бордик. Марҳум бир неча йилдан бери қандли диабет касали билан оғриб келаркан. Ҳаммма билади, бу хасталик ниҳоятда инжиқ ҳисобланиб, секин-секин ўз “кучи”ни кўрсатади. Одамни мутлақо эшитмайдиган ва кўрмайдиган қилиши ҳам мумкин. Хуллас, ёмон асоратлари кўп.

Жаноза ўқилишига бирмунча вақт борлиги туфайли бир бурчакда давра қурдик.

- Кейинги икки-уч ойда кўзлари мутлақо кўрмай қолди, - деди қўшниларидан бири. - Жуда зерикди. Нима қилишини билмай бақирар, Худодан нажот излаб нола қиларди. Ёнларига қидириб келганимизда ўзимизни таништирардик. Яхшимисиз, мен фалончиман, дердик. Бирозгина ҳол-аҳвол сўрагач, ўксиб-ўксиб йиғларди. Кўнглимиз бузилиб биз ҳам кўзёшимизни тинимсиз артардик.

Бир куни келсам, чорпояда бир ўзи ўтирган экан. Ким биландир гаплашиб ўтиргандек туюлди, менга. Бироқ ёнида ҳеч ким йўқ эди. Осмонга қараб тинимсиз нола қилаётган экан. Сўзларига бироз қулоқ тутдим. “Эй, Аллоҳ, майли, бутун бойлигимни олгин, қўша-қўша машиналарим ҳам садақа бўлсин, ётиб-туришим учун биттагина хона, бир парча ер етарли. Лекин кўзларимни қайтар, Художон. Майли қулоқларим мутлақо эшитмасин, оёқларим кесилса ҳам розиман, кўзларимни қайтар, Художон”, дерди тиним билмай. Индамай ортимга қайтдим. Халақит бергим келмади. Кейин эшитсак, ўзининг бундай ҳолатига юраги дош бермабди. Ичи қисилган. Инфаркт орттирибди. Бечора, яхши одам эди.

- Ҳа, - деди яна кимдир. - Тасаввур қилинг, бинойидек кўриб юрган одам бирданига кўрмай қолса. Дунё зим-зиё бўлиб, худди қоронғуликка тушиб қолгандек сезади ўзини.

Мен эса бундай суҳбатни шунчаки эътиборсиз тинглай олмайман. Кўз ўнгимдан ишхонамдаги неча-неча кўзи ожиз ўқитувчилар, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган, бу дунёнинг гўзаллигидан, теварак-атрофга тўйиб-тўйиб боқишдан бир умрга мосуво бўлган ўқувчилар бир-бир ўта бошлайди. Эллик ёшга тўлганлари эллик йилдан буён, олтмиш ёшга кирганлари эса олтмиш йилдирки кўриш бахтидан айрилган. Уларнинг бардошига, сабру тоқатига тан бермай иложинг йўқ. Бу даргоҳга ишга келганимга қарийб бир ярим йил бўлибдики, кузатишда давом этаман. Жуда кўп ҳолларда “қовун туширган” пайтларим ҳам бўлган.

Бир куни кўзи ожиз ўқитувчи билан ҳовлининг ичкарига кириш йўлагида кўришиб, индамай кетиворибман. Ўн қадамча юриб ортимга қарасам, бояги ўқитувчи “менга” нималарнидир гапиришда давом этяпти экан. Шартта тўхтаб ортимга қайтдим. Билинтирмай ёнига етиб келар эканман, суҳбатни давом эттирдим. Шундан сўнггина кўзи ожизлар ёнидан жилаётганимда буни албатта билдиришим кераклигига “ақлим етди”. Ёхуд кўзлари кўрмайдиган киши билан кўришиш мақсадида унга қўлингизни чўзсангиз, у сизга пешвоз чиқмайди. Шунинг учун аввал унинг қўлини узатишини кутаман. Ассалому алайкум, дейишни эса ёши мендан анча кичик бўлса-да, ундан олдин айтаман. Шундагина у мени танийди ва сўрашишни бошлайди.

Баъзида кузатиб хўрлигим ҳам келади. Икки нафар кўзи ожиз кўришиш мақсадида бир-бирларининг қўлларини излаб қолишади. Тасаввур қиляпсизми? Излаб қолишади. Бир неча сониялар давом этадиган бу жараён қалбимни ўқдек тешиб ўтади.

Доим бир ҳолатга эътибор бераман. Бу ерда кўзи ожиз ўқитувчилар, ҳатто ўқувчилар ҳам ўзларига эътибор беришади. Бошқача айтганда, кийиб юрган кийимларида гард кўрмайсиз. Дазмолланган ва доимо озода. Ҳатто бош кийимининг қийшиқ ёки нотўғри кийилгани кузатилмайди. Кўзлари кўрса-да, уст-боши кир, кирки, пичоқ билан қириб олса бўладиган кастюм-шимларни кийиб юрган эркакларни, ўзига ярашмайдиган кўйлакларда юрган дидсиз аёлларни кўрганимда, негадир мактаб-интернатнинг юксак фазилатларга эга жамоаси ёдимга тушади.

Эсимда, қайсидир тадбирда олийгоҳларнинг бирига бордик. Тўпланганларга мавзу бўйича бир профессор маъруза қилди. Лекин, кийган либоси афтода аҳволда эди. Анчадан буён ювилмаган, яғири шундоққина кўзга ташланиб турган, дазмолининг чизиғи билинмай кетган шим профессорнинг устига ярашмай турганди. Хотини, қизи, келинлари кўрми, деди шунда кимдир секин пичирлаб. Ичимда нимадир “шиғ” этди. Кўзи ожиз кишилар биздан-да тоза, биздан-да чиройли кийинишини бақириб айтгим келди, лекин бунинг мавриди эмасди.

Кўзи ожиз кишиларнинг соғлом инсонлардан жуда катта устунлик томони бор. Биласизми, нима? Улар ёзнинг жазирама иссиғида, қоқ пешин палласида тепамизда турган қуёшга тик қарай олишади. Буни қандай тушунсангиз тушунинг. Истасангиз тўғри, истасангиз кўчма маънода идрок қилинг.

Абдуҳалим Мелиев,

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси.