Улар Зоминга боради

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Республика ёш ижодкорлари анъанавий Зомин семинарининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Дастлаб семинар иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги марказий истироҳат боғида улуғ шоир Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйди. Буюк мутафаккир хотирланиб, унинг бебаҳо адабий-бадиий мероси улуғланди.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари вилоят кутубхонасида жам бўлди. Семинарда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ижодкорлар Бобур Бобомурод, Зебо Мирзаева, Носир Жўраев, Дилором Муродова ва Меҳри Абдураҳмонова ҳамда вилоятимиздан Фармон Тошев, Тошпўлат Тугалов шеърият, болалар адабиёти, бадиий публицистика ва таржима, наср йўналишлари бўйича шуъбаларга бўлинган ҳолда ёшларнинг ижод намуналарини кўриб чиқди.
- Назм йўналишида қатнашяпман, - дейди семинар иштирокчиси, Каттақўрғон педагогика ва тилларни ўқитиш факультети 3-босқич талабаси Гулноза Юсупова. – Топширган шеърларимни шоира Зебо Мирзо кўриб, ютуқларимни эътироф этиш билан бирга камчиликларимни кўрсатди ва ўз тавсияларини берди. Хусусан, шеъриятда қайсидир таниқли шоирнинг ижодини севиб ўқиш асносида унга тақлидчи бўлиб қолмаслик, ўз "мен"ини топиш, шунингдек, шеърда ички руҳиятни нафосат билан очиб бериш муҳимлигини уқтирди. Ўзим шеърларини севиб ўқийдиган шоирадан тавсиялар олганимдан фахр ҳиссини туйдим. Устозимнинг тавсиялари келгуси ижодий ишларимда албатта асқотади.
Ҳакамлар ҳайъати ёш ижодкорларнинг анъанавий «Зомин - 2025» танловига тақдим этган ижодий ишларини кўриб чиқди. Ҳар бир номзод билан бевосита мулоқот ўтказилиб, зарур тавсиялар берилди ва маҳорат дарслари ўтилди.
- Шеърият йўналишидаги иштирокчиларнинг ижодий ишини кўриб, уларга янада кўпроқ китоб ўқишни тавсия қилдим, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бобур Бобомурод. - Яхши шеър ёзиш учун ижодкор билимли бўлиши лозим. Айрим иштирокчиларнинг шеърларида нафосат етишмайди. Ички кечинмаларини янада баландроқ руҳда айта олиш керак.
Ҳудудий саралаш босқичида 13 нафар иштирокчининг ижодий ишлари кўриб чиқилди.
Икки кунлик семинар давомида таниқли ижодкорларнинг ёш китобхонлар билан учрашуви ҳам ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев иштирок этди.
Сулаймон Мардиев.