Улуғбекнинг туғилиши кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолганмиди?

22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун

Мирзо Улуғбек буюк ўзбек астрономи ва математиги, давлат арбоби сифатида тарихда ном қолдирди. Унинг энг буюк иши – Самарқанд илмий мактабини, ўша давр академиясини барпо этгани эди. Қуйида Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига оид айрим қизиқарли фактлар келтирилди.
Амир Темур 1394 йилда Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилади. Шу вақтда Соҳибқироннинг Султониядаги қароргоҳида Улуғбек туғилади. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарида ёзилишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб, Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хабарини етказади. Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади.

Ўн беш ёшли Улуғбек бобоси Темурнинг Самарқанддаги тахтига ўтирган

Хуросон ҳокими, Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ 1409 йилда темурийлар давлатининг олий ҳукмдори сифатида эътироф этилгач, кўлга киритилган Мовароуннаҳрни Туркистон вилояти билан бирга идора этишни Улуғбекка топшириб, Соҳибқирон васиятини қайта тиклади. Ўсмир ёшдаги Улуғбек бу ҳудудларни дастлаб Шоҳмалик ёрдамида бошқарган бўлса, 19 ёшидан Мовароуннаҳрни мустақил идора этишга киришди. Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида икки марта йирик ҳарбий юриш қилди.

Бобоси Соҳибқирон сағанасига нефрит қабртош қўйдирган
Самарқанддаги Амир Темур мақбарасига темурийлар сулоласига мансуб кишилар дафн этилган. Зиёратхона юқориси (тўри)да Темурнинг пири Мир Саййид Барака, унинг оёқ томонида Амир Темур дафн қилинган. Соҳибқирон сағанасига қўйилган кўк нефрит қабртошини Улуғбек Мўғулистонга қилган юриши вақтида олиб келган. Тошда Амир Темурни улуғлайдиган сўзлар, унинг шажараси ҳамда марсиялар ўймакори ёзувларда битилган. Кейинчалик Улуғбекнинг ўзи ҳам шу ерга дафн этилган.

Бибихоним жоме масжидига улкан лавҳ ўрнаттирган

Амир Темур Бибихонимга атаб қурдирган Бибихоним жоме масжиди ҳовлиси ўртасида мармартошдан ясалган улкан лавҳ – Қуръон ўқиладиган махсус курси бўлиб, у дастлаб асосий бино ичида турган (1875 йилда ҳовли ўртасига чиқариб қўйилган). Лавҳ Улуғбек фармонига биноан XV аср ўрталарида ясалган. Унга «Султони азим, олий ҳимматли ҳоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ханафия мазҳабининг посбони, аслзода султон, ибни султон, амири мўъминин Улуғбек Кўрагон», деб битилган.

Султон бўлса-да, талабаларга дарс берган
Мирзо Улуғбек Самарқандда иккита мадраса барпо этган ва бошқа йирик олимлар қаторида ўзи ҳам бу мадрасаларда ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган. Бошқа вақтини кўпроқ астрономик кузатишларга, «Зиж» устида ишлашга ва давлат ишларига бағишлаган. Яқин йилларгача у фақат астроном ва математик деб ҳисобланарди. Лекин ХХ аср охирида унинг ижоди серқирра бўлиб, тарих, шеърият ва мусиқа бобида ҳам қалам тебратгани аниқланди. Улуғбек шеърлар ҳам ёзган.

Улуғбекнинг хазинасини унинг шогирди сақлаб қолган
Улуғбек вафотидан сўнг унинг Самарқанддаги 15 минг китобдан иборат машҳур кутубхонаси хавф остида қолади. Кутубхонани «ўз даврининг Птоломейи» номини олган Али Қушчи сақлаб қолган, деган тахминлар бор. Ривоятларга қараганда, кутубхонадаги китобларнинг кўп қисмини Али Қушчи Самарқанд яқинидаги Ҳазрат Башир қишлоғига кўчирган. Кўп ўтмай, таъқиблардан қочиб, Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлган.