Ун ва ун маҳсулотлари нархи ошмаслиги, эҳтиёжга асосан сотилиш назоратда

Мамлакатимизда пандемия шароитида аҳолини бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондиришга давлат даражасида эътибор қаратиб келинган. Бугунги коронавирус пандемияси шароитида юзага келган вазиятда, айниқса, бу масала алоҳида назоратга олиниб, тизимли ишлар ташкил қилинмоқда.

Хусусан, республиканинг барча ҳудудларига бир маромда ун етказиб бериш мақсадида маҳсулотни биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилиниши бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилган.

Бунда вилоят ҳокимлиги ажратилган ун ҳажмларини аҳоли истеъмолига, қолипли нон ишлаб чиқариш мақсадларига, ижтимоий таъминот муассасалари этиёжларига, қайта ишлаш корхоналари ва макарон ишлаб чиқариш цехларига ажратиладиган миқдорни тyманлар ва шаҳарлар кесимида аниқлаган.

Ун маҳсулотларини етказиб беришда қатнашувчи тадбиркорлик субъектларининг дислокацияси туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланди. Маҳсулотнинг талон-тарожсиз етказиб берилиши, белгиланган нархларда сотилишининг назорати давлат солиқ хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига топширилган.

Вилоятимизда ҳам бу борада бир қатор амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси  бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ун маҳсулотларини аҳолига сотиш учун савдо дўконларига ва ишлаб чиқарувчиларга тўғридан-тўғри етказилишини назоратини таъминланмоқда.

Хусусан, вилоятда мавжуд 4 та ун ишлаб чиқарувчи корхоналарда ишлаб чиқарилган ун маҳсулотлари 434 та савдо нуқталарига, 288 та қолипли нон ва 60 та макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб берилиши таъминланмоқда.

Қайд этиш лозимки, Нарпай, Жомбой ва Паст Дарғом туманлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги ун ишлаб чиқариш корхоналари суткасига ўртача 630 тоннадан кўпроқ ун ишлаб чиқармоқда.

Ўзбекистон Республиксси Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси ва бошқа мутасадди идораларнинг назорати остида вақтинчалик тартиб ўрнатилгандан буён 50 минг 855,7 тонна ун маҳсулотлари истеъмолчиларга мақбул нархларда етказиб берилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати.