Уранда минимал температура минус 224 градусгача тушиб кетади
Уран (юнончадан - осмон худоси) Қуёш тизимидаги еттинчи сайёра. Қуёшдан узоқлиги 2875,0 миллион километр, Қуёш атрофида айланиш даври 84 Ер йилига тенг. Ўз ўқи атрофида айланиш даври 17 соат 14 минут. Массаси Ер массасидан 14,56 марта катта. Ураннинг 27 та табиий йўлдоши бор. Уларнинг йириклари - Миранда, Ариел, Умбриел, Титания ва Оберон номлари билан аталади. Буларнинг ичида энг каттаси (диаметри 789 километр) Титаниядир. Ураннинг ўз атрофида айланиш ўқи Қуёш атрофида айланиш текислигидан бироз пастга йўналган. Шу сабабдан Қуёш атрофида айланишида Қуёшга гоҳ шимол тарафи билан, гоҳ эса жанубий тарафи билан қараган бўлади. Шунингдек, унинг ҳар бир қутби 42 йил қоронғиликда ва 42 йил ёруғликда жойлашган бўлади.
Уранга осмондан қаралса, у кўк бўлиб кўринади. Ўлчами бўйича Ердан 61 марта катта. Қуёш системасидаги аксар сайёраларнинг у ёки бу даражадаги аниқ йўналишга эга қутблари мавжуд. Агар «юқоридан» қаралса, сайёраларнинг кўпчилиги соат стрелкасига нисбатан қарама-қарши йўналишда айланади. Бироқ Уран сайёраси бундан мустасно бўлиб, у худдики «ёнбошлаган» ҳолатда, яъни тепадан пастга ҳаракатланади. Мавжуд гипотезага кўра, жуда қадимда Уран йирик космик объект билан тўқнашиб кетган ва натижада сайёранинг ўз ўқи атрофида айланиши шу қадар катта оғишга учраган. Лекин Ураннинг ҳеч бир табиий йўлдоши у каби «ёнбошлаб» олмаган, ҳамма йўлдошлари бошқа осмон жисмлари сингари ўз ўқи атрофида, одатдагидек айланади.
Уран йўлдошларининг аксарияти муз қотган жинслардан иборат. Албатта, биз ҳалқали сайёра деганда биринчи навбатда Сатурнни биламиз. Лекин ҳалқалар Юпитер, Нептун ва Уранда ҳам мавжуд. Ҳозирги пайтда Ураннинг ҳалқалари жуда сийрак ва деярли сезиларсиз бўлиб, у жуда майда муз ва чанг зарраларидан иборат. Лекин олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бундан 4,5 миллиард йил муқаддам Қуёш системаси энди шаклланаётган пайтда унинг ҳалқалари анча йирик ва катта массали объектлардан тузилган бўлган. Унинг сийрак атмосферасининг 83 фоизини молекуляр водород, 15 фоизини азот ва 2,3 фоизини метан гази ташкил этади.
Қуёш тизимида Уран энг совуқ сайёра ҳисобланади. Унда минимал температура минус 224 градусгача тушиб кетади. Уран булутлари мураккаб қатламли тузилишга эга бўлиб, унинг юқори қатламини метан, қуйи қатламини эса сув эгаллаган бўлади. Уран асосан муз ва тоғ жинсларидан иборат. Уран энг шамолли сайёралардан биридир. Унда шамолнинг тезлиги соатига 900 километрга боради. Уран америкаликларнинг «Вояджер-2» космик аппарати орқали жуда яқин масофадан ўрганилган.
Уран телескопда топилган биринчи сайёрадир. Уни 1781 йилда астроном Уильям Гершел аниқлаган.
Мавсумларнинг Уранда узоқ вақт давом этиши унинг ўзига хос орбитага эга бўлиши билан боғлиқ. «Вояджер-2» космик аппарати томонидан Ураннинг жанубий ярим шарида Катта қора доғ (Юпитердаги Катта қизил доғга ўхшаш)нинг борлиги аниқланган. Сайёра сиртидаги температура минус 220 градусга етса, марказида эса 7000-7100 градусгача етади.
Интернет материаллари асосида СамДУ профессори Ортиқ ПАРДАЕВ тайёрлади.