Ургутда 6 миллионга гиёҳванд модда сотган икки йигит қамоққа олинди
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилниинг 29 ноябрь куни соат 21:00 да Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 23 ёшли Аббос К. Ургут тумани Мирзабоғлон-Чеп маҳалласида тадбир иштирокчиси сифатида жалб қилинган фуқарога ўткир ҳидли “героин” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддани 3 миллион сўм ва 300 АҚШ долларига сотган вақтида ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Тезкор тадбир давомида Аббос К. мазкур гиёҳвандлик воситасини 2020 йилнинг 29 ноябрь куни соат 20:30 да маҳалладоши 28 ёшли Абдулло О.дан сотиб олганлиги ҳамда тадбир иштирокчиси берган 3 миллион сўм ва 300 АҚШ долларини Абдулло О.га берганлиги аниқланганлиги сабабли Абдулло О. шахсий тинтув қилиниб, ундан тадбирда ишлатилган 300 АҚШ доллари ва 3 миллион сўм пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Суд-кимёвий экспертиза хулосасида Аббос К.дан олинган модда таркибида гиёҳванд модда-диацетилморфин мавжудлиги, бу “героин” гиёҳвандлик воситаси турига кириши, унинг соф оғирлиги 4.27 грамга тенг эканлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Аббос К. ва Абдулло О.ларга нисбатан Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов жараёнида Аббос К. ва Абдулло О.ларга нисбатан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.