Ургутда нега автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари йўқ?
Охирги 4-5 йилда автомобилларни бензин ёки дизель ёқилғисидан нисбатан арзон ва экологик тоза ёқилғи бўлмиш табиий газга ўтказиш бўйича ҳукумат томонидан бир нечта қарорлар қабул қилинди. Турли ҳудудларда суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчалари очилаяпти.
Аммо, баъзи ҳолатлар бундай ҳужжатлар тартибсиз ижро этилаётганини кўрсатмоқда. Катта газ қувурлари ўтган туманларда ҳар қадамда сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчалари очилган ва очилаётган бўлса, йирик газ қувурларидан узоқда жойлашгани учун ҳатто битта ҳам сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчалари бўлмаган туманлар ҳам талайгина.
Бугунги кунда Ургут туманида 50 мингга яқин автоуловлар рўйхатга олинган. Аммо, битта ҳам сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчаси йўқ. Шунинг учун ҳам машиналар суюлтирилган газда ёки бензинда юрибди. Улар орасида сиқилган газда юришга мослаштирилганлари ҳам бор, аммо улар бугун Тойлоқ туманидаги сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчаларига бориб келишга мажбур бўлмоқда. Аҳолиси ҳам кўп, кўчада юрган автоуловлари ҳам кўп бўлган туманда нега битта ҳам сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчаси йўқлигини билиш мақсадида, аввало, Ургут туман газ идорасига бордим. Оддий халқ тилида "райгаз" деб аталувчи идоранинг расмий номи бугун Самарқанд вилояти газ таъминоти ҳудудий филиалига қарашли 2-сон Ургут участкаси деб юритилар экан. Борганимда участка раҳбари йўқ экан, мени шу участкада – Сиқилган газ (Метан) бўйича бош мутахассис Фарруҳ Тошмуродов қаршилади.
Унинг айтишича, Ургут туманида сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчаларини очиш учун, аввало, газ йўқ. Яъни сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчаларига ҳозирги кунда Ургутдаги эркин иқтисодий зона ва қисман аҳоли учун келаётган газдан олиб бўлмайди. Шохобча учун 35 км масофадан, яъни Самарқанд шаҳридаги магистрал газ қувуридан алоҳида қувур тортиб газ олиб келиш керак экан. Қувур тортиб келишнинг қийинлиги, харажатлари ва ташвишлари бугунги кунда Ургут туманида сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчаларини қуришга ва очишга асосий тўсиқ бўлаяпти. Қўшни Тойлоқ туманидаги газ қуйиш шохобчалари ўша магистрал қувурга яқин масофада жойлашгани учун, улар алоҳида қувурларни осонроқ ва камроқ харажат билан тортиб келган.
Ф.Тошпўлатовдан "Мабодо бирорта тадбиркор шохобчани қурса, харажат қилиб қувурни ҳам тортса кейин унга туман участкаси ёки вилоят ҳудудий газ таъминот филиали магистрал қувурдан газ олишга рухсат берадими?" деб сўрадим. У бунинг тартибини билмаслиги ва бу ҳақда вилоят ҳудудий газ таъминот филиали ёки "Ўзтрансгаз"нинг Тошкентдаги бош офисидан сўрашимни айтди. Шундан сўнг "Ўзтрансгаз" билан шу масалада боғландим. Қўнғироғимга жавоб берган ходим сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчаларига газ ажратиш масалалари билан "Ўзбекнефтгаз" шуғулланишини айтди. Сўнг "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати орқали керакли мутахассис жавобини олдим. У ҳам Ф.Тошмуродов берган маълумотларини тасдиқлади ва сиқилган газ қуйиш компрессор шохобси “Ўзбекнефтгаз”га ёки давлат хизматлари марказига ариза беришлари лозимлиги, уларнинг аризаси кўриб чиқилиб ўша ҳудуддан ўтган магистрал газ қувурнинг имкониятлари ўрганилиб, агар шохобча учун газ олишга етарли босим бўлса кейин газ олишга рухсат берилишини билдирди. Шунингдек рухсат берилганидан сўнг шохобча очаётган тадбиркор газни магистрал газ қувурлардан алоҳида қувур тортиб олиб келиши лозимлигини билдирди.
Ургутда сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчаларининг йўқлигига магистрал газ қувурининг туман ҳудудидан узоқда жойлашгани сабаб бўлаяпти. Аммо, 35 км бу жудаям узоқ масофа эмас. Бу масофага қувур тортиш битта тадбиркор учун оғирлик қилар, аммо 2-3 тадбиркорлар бир бўлиб битта қувур тортса ана шунда туман маркази атрофида бир нечта сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчаларини қуриш анча самаралироқ бўлар эди.
Балки бу масалада туман ҳокимлиги тадбиркорларга кўмакчи бўлиб, ташкилий ишларда ёрдамлашар. Балки “Ўзбекнефтгаз” Ургут туманида автомашиналар кўплигини инобатга олиб, қувур тортишда ёрдам берар. Аммо нима бўлганда ҳам бугун бу туманда камида 2-3 та сиқилган газ қуйиш компрессор шохобчалари қуриш зарур бўлмоқда.
Биз ушбу масала юзасидан “Ўзбекнефтгаз” ва Ургут туман ҳокимлигидан ижобий жавоб кутиб қоламиз.
Ғайрат Йўлдош.