“Ургутини” бренди халқаро бозорга чиқади, бунинг учун имконият ҳам, шароит ҳам етарли

Яқинда президент Шавкат Мирзиёев раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, таннарх, ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича ечимлар ишлаб чиқиш, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими орқали тайёр маҳсулот экспортини 2 баробар ошириш, кооперацияни кучайтириб, паст қувватда ишлаётган корхоналарни соғломлаштириш чораларини кўриш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.
Олинган маълумотларга кўра, вилоятда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 634 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Етиштирилган 261 минг тонна пахтадан 47,2 минг тонна ип-калава, 36,2 миллион квадрат метр газлама, 15,5 минг тонна трикотаж мато, 80 миллион жуфт пайпоқ, 88,5 миллион дона тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Тизимда 18 минг киши иш билан таъминланган.
Жорий йилнинг 6 ойида 3,3 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Шундан, 65 та корхона томонидан 70 миллион доллардан ортиқ текстил маҳсулотлари 31 та давлатга экспорт қилинган.
Аслида 11 турдаги маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, 22 миллион долларлиги тайёр кийим-кечак маҳсулотлари, 20,7 миллион долларлиги пахта ип-калаваси, 11 миллион долларлиги гилам ва гилам маҳсулоти, 6 миллион долларлиги уй текстил маҳсулотларини ташкил қилади.
Албатта, бу ҳали марра эмас. Ушбу текстил ва тўқимачилик саноати йўналишида умумий қиймати 113,7 миллион долларлик 34 та лойиҳа амалга оширилиб, 4200 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Вилоятимизда текстил ва тўқимачилик йўналишида биз барча босқичларни амалга оширдик, дейилса муболаға бўлмайди. Зеро, бугунги кунда пахта етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотларимиз бутун дунё бўйича сотилмоқда. Мисол учун, Самарқанд туманида жойлашган “Сам Рафоат текстил” масъулияти чекланган жамияти уй текстил маҳсулотларини “Parisa hom” бренди остида Япония, Европа ва бошқа давлатларнинг 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарига етказиб беришни йўлга қўйган.
“Самарқанд аппарел” масъулияти чекланган жамияти “Зе Норс Фейс” ва “Энгелберт Штраус” брендларига маҳсулот етказмоқда. Ушбу маҳсулотлар Европа ва Жанубий Кореяга экспорт қилинади.
“Дака интекс” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Глори Жинс, Промо текстил, Спорт мастер, Апрел, Оспин” брендлари остида Россия ва Марказий Осиё давлатларига 4,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинмоқда.
“Зарафшон текстил” томонидан “Кик” бренди асосида Германиянинг “Кик Текстилиен” компаниясига 3 миллион долларлик маҳсулотлар етказилди.
Бу йўналишда ишлаш жуда яхши тажриба бўлди, лекин энди биз ўз брендимизни яратиш устида ишлашимиз керак, деган тўхтамга келинган. Чунки брендга тикиб берилаётган маҳсулотларнинг энг кўп фойдаси бренд эгаларига кетиб қолмоқда.
Масалан, “Ургутини текстил” оилавий корхонаси томонидан “Ургутини” бренди асосида эркаклар кўйлаклари ишлаб чиқарилиб, ички бозорга сотилмоқда. Ҳозирда ушбу корхона чет давлатлардаги бошқа брендларга маҳсулот тайёрлаб бермоқда. Ўз брендини рўйхатдан ўтказиб, тўғридан-тўғри “Ургутини” бренди асосида экспорт қилса, фойда ҳам, экспорт ҳам каррасига ўсади. Ҳозирги кунда Интелектуал мулк агентлиги билан ҳамкорликда рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятда шунга ўхшаш 7 та текстил корхона ўз брендларини жаҳон бозорига олиб чиқишга киришган.
Бу кўрсаткични янада ошириш мумкинми? Мумкин, албатта. Бироқ бир муаммо бор – кадрлар қўнимсизлиги. Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Ветнам, Бангладеш давлатларида текстилнинг ривожланиши асосан кадрларни ўқитиш, дизайн соҳасига эътибор кучайтирилганидан.
Текстил соҳасида малака ошириш, қўнимсизликни бартараф этиш мақсадида Самарқанд туманида “Афросиёб жинс” масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ўқув марказини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу корхонада бир вақтнинг ўзида вилоят бўйича мутахассислар малакасини ошириш, дизайнерлар ва маркетологлар тайёрлаш имконияти яратилади. Бу эса маҳсулот сифатини, меҳнат унумдорлигини оширади ҳамда таннархини камайтиришга хизмат қилади.
Ёқубжон Марқаев.