Ургутлик депутатлар мактабларда анъанавий таълимни 14 сентябрдан бошлашни рад этди. Нега?

Халқ депутатлари туман Кенгаши 11 сентябрда бўлиб ўтган сессияда  шундай қарорга келган. Негаки, мактабларда юқори ва бошланғич синф ўқувчилари учун кириш эшикларининг алоҳида-алоҳида этиб ташкил этилиши лозим бўлса-да, бу иш тумандаги 143 та умумий ўрта таълим мактабларининг ҳаммасида ҳам амалга оширилмаган.

Мактабларнинг кириш дарвозаси олдида 2 метр оралиқ масофа белгиланиб, ўқувчилар харакатланиш схемаси чизилган. “Фильтрлар” - тиббиёт ходимлари томонидан ҳар бир педагог ходим ва ўқувчиларнинг ҳароратини ўлчаб, қайд этиб бориш дафтарлари ташкил этилиб, масъуллар бириктирилган.

Таълим муассасаларига ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 300 нафар ўқувчига 1 тадан, жами 300 дона пирометрлар етказиб берилган. Лекин дозатор, кам таъминланган оила фарзандлари учун антисептик воситалар ва ҳимоя ниқоблари ҳанузгача ижобий ҳал этилмаган.

Жами 6251 нафар ўқитувчилардан 2016 нафари тест намунасини топширган ва 4 сентябр куни 250 нафар ўқитувчидан 37 нафарида вирус аниқланган. 1766 нафар ўқитувчилардан олинган тест намуналари натижаси тақдим этилмаган.

Тумандаги барча умумий ўрта таълим мактабларида тиббиёт хонаси ва касаллиги шубҳа қилинган ўқувчилар учун изоляция хоналари ташкил этилган бўлса-да, бирламчи тиббий ёрдам учун дори-дармон захираси тўлиқ яратилмаган.

Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида мактабларидаги ҳожатхоналар санитар талабларига мос равишда таъмирланиб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 16 та янги ҳожатхона қурилган. Ўқув биноларига киришда дезтўшамалар ташкил этилган. Лекин хлор захираси ҳамда таркибида хлор сақловчи зарарсизлантирувчи дезвоситалар йўқ.

Мактабларга малакали тиббиёт, ички ишлар, маҳалла ҳамда санитария-эпедимологик осойишталик маркази ходимлари бириктирилган. Лекин санитария-эпедимологик осойишталик маркази томонидан тегишли хулосалар берилмаган.

Юқоридагиларга асосан, халқ депутатлари туман Кенгашида умумий ўрта таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар қониқарсиз, деб топилди. Сессияда мактаблардаги мавжуд камчиликлар бартараф этилгандан сўнг, жорий йил 21 сентябрдан мактабларда анъанавий таълимни бошлашга рухсат берилган.