Уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари эъзозда

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ташаббуси билан вилоятимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронторти фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, улар билан дилдан суҳбатлашилмоқда.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Самарқанд тумани Давлат хизматлари маркази ходимлари ҳам тумандаги фронт ва фронтортида хизмат қилган нуроний отахон ва онахонлардан ҳол сўралди.
Дастлаб, марказ ходимлари, тумандаги Найзатепа маҳалласида истиқомат қилиб келаётган 95 ёшли Адолат она Муҳаммадиеванинг хонадонида бўлди.
Ўша машъум кунларда Адолат она ҳам Самарқанд туманидаги узумчилик ва боғдорчилик хўжалигида меҳнат қилиб, мевалар етиштиришда қатнашди. Машъум уруш йилларидаги оғир кунларни матонат билан енгиб ўтди. Бугун онахон 9 нафар фарзандни вояга етказиб, 80 нафардан ортиқ невара ҳамда чеваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Туманнинг Қозиқўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи Турсунмурод Тошпўлатов бугун ўзининг 98 ёшини қарши олмоқда. Отахон ҳали ҳам ҳовлисидаги боғларни ўзи парвариш қилади. Саккиз фарзандни тарбиялаб вояга етказган, 76 нафар невара ва чевараларнинг суюкли бобожониси суҳбат жараёнида қўлларини дуога очар экан, юрт тинчилиги, фаровонлигини тилади, бугунги дориламон кунлар қадрига етишимиз кераклигини таъкидлади.