Усмон АЗИМ: «Бир тош тушса тушибди, тоғдек бошимга маним»
Бадиий кечинма ҳаётни образли идрок этиш ибтидосидир. Дарҳақиқат, кечинма - лириканинг юраги. Унинг асосини эса шоир томонидан танлаб олинган дардли ёки қувончли туйғу ташкил этади. Бу ҳолат тафаккур, ранг, тасвир, образларга кўчиб, ҳаракатланади ва шоир ижодининг ўзига хос тил ҳамда услубини намоён этади.
Шоир Усмон Азимнинг бутун шеърияти бағридан ана шундай кечинма - шоир томонидан танланган, пардозланган ва ўқувчига тақдим этилган қайғу ва қувончлар гўё ўқ чизиқ бўлиб ўтади. Усмон Азим шеъриятининг жозибаси, кўпчилик томонидан севиб ўқилишининг сабаби ҳам айнан шундадир.
Шунинг учун Шарқда энг катта сўфийларимиз ўзларининг кечинма ва қарашларини шеърда изҳор этишган”.
Биз Усмон Азим шеъриятига назар ташлар эканмиз, ҳаётни бутун зиддиятлари билан ҳис этадиган лирик қаҳрамоннинг ғоят ранг-баранг кечинмалари ифодасини кўрамиз. Маълумки, шеъриятда лирик қаҳрамон кечинмаларида «мен» - шоир шахсияти ва унинг ҳаёт ҳақидаги қарашлари умумлашади. Шоир яратган лирик қаҳрамон ўтмишни, ўзи яшаётган даврни чуқур ҳис этади. Шу билан бирга, у келажак ҳақида эзгу ниятлар қиладиган давр кишисининг мураккаб тимсолига айланади.
«Сарбадорлар қўшиғи» шеърида халқ учун бошини дорга тиккан бир гуруҳ халқ қаҳрамонлари ҳаёти ва уларнинг энг оғир дақиқаларда, ўлим билан юзма-юз турган пайтдаги кечинмаларини ҳис қиламиз, уларнинг халқ ва ҳақ йўлидаги курашлари тасвирида ана шу кечинма янада қуюқлашади.
«Қайт», дедингиз, «қалб», дедик,
«Айт», дедингиз, «ҳақ», дедик.
Бошимиз дорда туриб,
«Жон», демадик, «халқ», дедик,
«Жон», демадик, «халқ», дедик.
Шоирнинг бу шеърида лирик кечинма кучли фалсафий мушоҳада билан йўғрилган. Ҳақ ва халқ йўлида жонини тикишга тайёр эр йигитнинг матонат ва жасорати унинг иймон-эътиқодини белгилаши кечинма салмоғини оширган. Мана шу жиҳати билан шоир ўз ижодининг тили ва услубини янада ёрқинроқ очиб беради.
Шоир кечинмани кўпчилик ҳолларда ихчам, лекин чуқур мазмунли шаклларда ифодалашга интилади. Жумладан, оддий бир тош орқали шоир даврнинг ғоят муҳим ижтимоий масалаларини ёритишга эришади. Шеърда ҳақиқат учун кураш поэтик кечинма даражасига кўтарилади. Бу кечинма шоирни азобга солади ва секин сирғалиб, шеърга айланади.
Осмонга ҳам отгум тош,
Гуноҳкор бўлса қуёш.
Гуноҳкор бўлса қуёш,
Қайтиб тушмагайдир тош.
Осмон ҳам бўлиб ғаним,
Қайтиб тушса, не ғамим!
Бир тош тушса тушибди,
Тоғдек бошимга маним.
Усмон Азимнинг юқоридаги шеъри фақат таъсирланиш натижасидагина ёзилмаган. Шеър дунёга келмасидан аввалги таъсирланиш бир баҳона. Шеърни яратадиган дард шоир қалбида кўпдан бери етилиб келаётган бўлади. Кечинма ана шундай етилишнинг мевасидир. Кечинманинг салмоғи ва унинг даражаси шоир наздида улғайиб борар экан, тил ва тафаккур уйғунлиги юзага келади. Ва бу ҳолат энди услубий маҳоратга айланиб боради.
Усмон Азим юқоридаги шеърда тош тафсилини ҳаётдаги ёмонликни йўқотиш рамзига айлантиради. Айни пайтда тош тўғриликни инкор этувчи, уни эзувчи, инсон бошига кулфат келтирувчи ёвуз кучнинг тафсилини ҳам беради.
Шоир яратган лирик қаҳрамон ўзини олам ичидаги бир олам деб билади. Шу билан бирга ҳамиша зиддиятли кечинмалар қуршовида яшайди. Шоир айни кечинмани ифодалаш шаклларини қидиради. Изланиш уни ташбеҳ, мажоз ва образлар сари етаклайди. Шу ўринда шоирнинг «Бир дарахтнинг сўнгги қўшиғи» шеърига назар ташлайлик:
Мен шундай яралдим:
Сумбатим эгри,
Гулларим қалбларга солмас ҳаяжон.
Мевамга ҳеч кимнинг тушмаган меҳри,
Баргим чумолига бўлмас соябон.
Алвидо! Мен энди мақсадга етдим
Боғдошлар, сўнг йўлга кузатинг, қани...
Мен ўтин бўлгани узлатга кетдим,
Мен кетдим, дўстларим, олов бўлгани!
Бу шеърда шоир яратган дарахт образи, албатта, мажозий маънога эга. Бу дарахтнинг сумбати эгри, гуллари ҳеч кимни ҳаяжонлантирмай, меваларига ҳеч кимнинг меҳри тушмаган, барглари ҳатто чумолига-да соя бермаган бўлса ҳам, булар унинг хоҳиши билан эмас, балки у яшаган муҳитнинг иллат ва кирдикорлари билан боғлиқ экани англашилади. Умри мобайнида мақсадига эришолмаган дарахтнинг ҳаёт шомида фавқулодда ҳолатга тушиши ва бу ҳолат гарчи уни йўқлик қаърига, адамга олиб кетса-да, бу кетишдан кимгадир нафи тегиши назарда тутилади. Унинг ёниши, олов бўлиши замирида шундай маъно мужассамлашган. Дарҳақиқат шоир ижодидаги ўзига хослик кутилмаган тасвирлар ёхуд образлар яратиш маҳорати билан намоён бўлар экан, бу ўз ўрнида шоир томонидан юксак маҳорат билан тил ва тасвирни услубий юксалишга хизмат қилдиради.
Ҳаёт зиддиятларидан, унинг қора рангларидан толиққан шоир дунёнинг бағритошлигидан, инсоннинг эса баъзан имконсизлигидан куяди. Ва бу изтироб яхлит бир кечинмага айланиб, шеър бағридан ўтади. Гегель лирик кечинмага хос бўлган бу хусусиятни Гёте шеърияти мисолида жуда ўринли кўрсатиб берган. «…лирик шоир, - деган у, - ўз қалби ва онгида шоирона шаклланган ҳамма нарсани қўшиқда ифодалашга эҳтиёж сезади. Шу муносабат билан бой ҳаётнинг турфа жараёнларида ҳамиша шоир бўлиб қолган Гётени эсламоқ жоиздир. Бу жиҳатдан у энг машҳур инсонлар сафидан ўрин олади. Қизиқиш доираси шу қадар хилма-хил ва бениҳоя кенг бўлган киши кам учрайди, аммо шунга қарамасдан, у доимо ичкин ҳаёт кечиради ва унинг қалбига тўкинган ҳамма нарса шеърий образлар шаклини олади». Усмон Азим лирикасида ҳам ана шундай изтиробли ғалаёнларнинг ифодасини кўрамиз. Танқидчи Иброҳим Ҳаққулов ҳам шоир шеъриятига бағишланган бир мақоласида руҳнинг шеъриятдаги ўрни ҳақида тўхталар экан, унинг ижодида руҳнинг эркинлиги ва латифлиги миқёсининг кенглигини алоҳида уқтиради. Танқидчи назарича, руҳ, инсондаги идрок қилувчи ва билувчи латифликдир. И.Ҳаққулов руҳнинг эркинлиги ҳақида қуйидаги фикрни баён этади: «Руҳ эркинлиги инсонни давру замоннинг ҳар қандай хавф-хатарларидан муҳофаза эта олади. Руҳан ва қалбан озод шахс - енгиш қобилияти шаклланган шахс».
Биз шоир ижодининг биргина жиҳати, лирик кечинманинг образли ифодаси тил ва услубига назар ташладик. Зотан, унинг ижодидаги халқона оҳанг, бахшиёна услуб, юксак бадиий тафаккур тамойиллари шоир ижодининг ўзига хос қирраларини янада ёрқинроқ очиб беришга хизмат қилади.
Жумагул Сувонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди.